Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, яқин фурсатларда азиз ватандошларимиз, ота-оналаримиз Исломнинг бешинчи устуни ва фарзи саналмиш Ҳаж амалларини бажариб бағримизга қайтишади. Улардан дуо олиш, Байтуллоҳ, Арафот, Мино ҳақида, шунингдек жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳамда равзалари хусусида эшитиш мақсадида узоқ яқиндан қариндош-уруғ, танишу-нотанишлар, ҳожиларнинг зиёратига чоғланади. Табиийки, урф-одатларимизга кўра ҳожиларни кутиб олиш учун зиёфатлар уюштирилиб, дастурхонлар ёзилади. Бу яхши албатта. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Аммо, динимизда ҳар қандай зиёфат, тўй ва маросимларда мўътадилликка риоя этишга тарғиб қилинади, исрофгарлик эса қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди» (Исро сураси, 26-27-оятлар).
«Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида — мўътадилдир» (Фурқон сураси, 67-оят).
Демак, ҳожиларимизни кутиб олар эканмиз, манманлик, кибр ва мақтаниш билан, “одамлар кўриб қўйсин ҳожи бўлганимни” ёки “ота-онамни ҳожи бўлганлигини ҳамма билсин” деган фикрлардан йироқ бўлиб, исроф, такаббурлик ва ғурурдан холи, камтарона, кўпроқ ночор ва ҳақдорларга дастурхон ёзиш ҳақиқий ҳожиларга хос амал ҳисобланади. Чунки, Ҳаж амалини бажариб эсон-омон ватанига қайтган мусулмон ўзгаларга ибрат ўлароқ ҳаёт кечирмоғи, тақводор кишилардек амал қилмоғи лозим.
Қуйида динимизда келтирилган зиёфатга чақириш одоблари билан таништириб ўтамиз:
1. Зиёфат қилмоқчи бўлган киши фосиқларни эмас, тақводор кишиларни қасд қилиши лозим. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор уйда ифторлик қилсалар: “Ҳузурингизда рўзадорлар оғиз очди, таомингизни тақводорлар еди ва сизларга фаришталар саловот айтди”, дер эдилар.
Салафлардан бири айтади: “Тақводорнинг таомидан бошқасини ема, таомингни ҳам тақводордан бошқаси емасин!”.
Бунинг сабаби шуки, тақводор кишига таом бериш у учун тақвосига ёрдам беришдир. Фосиққа таом бериш эса унинг фисқига кўмаклашишдир.
2. Фақат бойларни эмас, фақирларни чақирсин. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: “Таомларнинг ёмони — бойлар чақирилиб, камбағаллар тарк қилинган валима (тўй) таомидир”.
3. Зиёфатида қариндошларни беэътибор қолдирмасин. Чунки бундай қилиш улардан узоқлашиш ва силаи раҳмнинг узилишига олиб келади. Шунингдек, дўстлари ва танишлари борасида тартибга риоя қилсин. Сабаби, баъзиларини хослашда қолганларни узоқлаштириш бор.
4. Меҳмондорчиликка чақириши билан бошқаларга мақтаниш ва фахрланишни эмас, балки, таом бериб суннатга амал қилишни, биродарларининг қалбларини мойил қилишни ҳамда мўминларнинг қалбларига хурсандчилик киритишни ва шу билан бирга улардан дуо олишни мақсад қилсин.
5. Зиёфатга ташриф буюриши қийин бўлган, келса, ўтирганлар томонидан бирор сабаб билан азият чекишини билган кишиларни чақирмаслиги лозим.
6. Келишини хоҳлайдиган кишиларинигина чақирсин.
Саидаброр Умаров