Инсон сувга тушгани учун эмас, сувдан чиқмагани учун чўкади, тавбага шошилайлик…

955

Инсон бордирки баъзан билиб, баъзан билмаган ҳолда хатоларга йўл қўяди. Ўзининг хатоларини билиши, уни англаб етиши илмдир. Шундай илм гуноҳларни тарк қилишга сабабчи бўлади. Ундан кўзланган мақсад ҳам аслида мана шу эди. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай буюради:
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: ”Эй Роббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирсан”, – дерлар” (Таҳрим, 8).
Бир гуноҳ қилганингда дарҳол тавба қил!Инсон сувга тушгани учун эмас, сувдан чиқмагани учун чўкади.
Али ибн Абу Толиб р.а: “Нажоти ўзи билан бирга бўла туриб ҳалок бўлган кимсадан ажабланаман”, дедилар. У нажот нима деб сўралди. Тавба ва истиғфор деб жавоб бердилар.
Ўнинг ўттиз бўлса тутганинг тилло
Худони унитма қилсангда ялло
Ҳар куни тавба қил минг бор таволло
Бешкунлик дунёда қолиб кетмассаан
Дунёдан молингни олиб кетмассан
Бир киши Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига келиб: – Эй Абу Исҳоқ, нафсим ҳаддидан ошиб кетди, гуноҳ ишлар қилиб қўйяпман, сизда нафсимни гуноҳ-маъсиятлардан тўхтатадиган бирор нима борми? – деди. Иброҳим: – Агар мендан бешта хислатни қабул қилсанг ва уларни бажара олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бера олмайди, – деди.
У: – Айтинг, эй Абу Исҳоқ, – деди. Шунда Иброҳим: – Биринчиси: Агар Аллоҳ азза ва жаллага осий бўлмоқчи бўлсанг, Унинг ризқини емагин, – деди. У: –Унда ризқни қаердан оламан, ахир, Ер юзидаги барча нарса Унинг ризқидан-ку! – деди. Иброҳим: – Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! – деди.
У: – Йўқ, иккинчиси айтинг, – деди. Иброҳим: – Агар Унга осий бўлмоқчи бўлсанг, Унинг ерида истиқомат қилма, – деди. У: – Эй Иброҳим, буниси аввалгисидан ҳам қийинроқ-ку! Ахир машриқу-мағриб ва булар орасидаги ҳамма жой Уники бўлса, унда мен қаерда яшайман? – деди. Иброҳим: – Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, Унинг ерида яшаб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! – деди.
У: – Йўқ, учинчисини айтинг, – деди. Иброҳим: – Агар Унга осий бўлмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойни топиб, шу ерда гуноҳ қилгин, – деди. У: – Эй Иброҳим, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Ахир У зот барча сирлардан хабардор, қалбдаги яширин нарсаларни ҳам билади-ку, Унга бирор нарса махфий эмас-ку! – деди. Иброҳим: – Эй биродар, ўйлаб кўр, Унинг берган ризқидан еб турган бўлсанг, Унинг ерида яшаб турган бўлсанг ва яна У сени кузатиб турган бўлса, Унга гуноҳ қилишинг яхшими?! – деди.
У: – Йўқ, тўртинчисини айтинг, – деди. Иброҳим: – Агар жонингни олиш учун ўлим фариштаси келса, сен унга: «Кечиктириб тур, тавба қилиб олай», дегин, – деди. У: – Ўлим фариштаси менинг бу гапимни қабул қилмайди, – деди. Иброҳим: – Агар ўлимнинг кечикмасдан, тўсатдан келишини билсанг ва тавба қилиб олиш учун уни ортга суришга имконинг бўлмаса, қутилиб қолишни қандай умид қиласан?! – деди.
У: – Бешинчисини ҳам айтинг, – деди. Иброҳим: – Агар Қиёмат куни сени дўзахга олиб кетиш учун забониялар (яъни, азобловчи фаришталар) келишса, улар билан бормагин, –деди. У: – Улар бунга кўнмайдилар-ку! – деди. Шунда Иброҳим: Ундай бўлса, қандай қилиб нажотдан умид қиласан?! – деди.
У: – Эй Иброҳим, етарли бўлди, менга шу кифоя, энди Аллоҳга истиғфор айтаман ва тавба қиламан, – деди.
Тавбага шошилайлик азиз биродарлар зоя кетган умирни ортга қайтариб бӯлмаганидек ғафлатда ӯтган сонияларга ҳам жавоб беришимиз ҳақ….

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.