- Савол: «Қадр» сўзининг маъноси нима?
Жавоб: Ушбу сўзнинг «юксак шараф», «миқдор» ва «белгиланган вақт ёки макон» каби маънолари мавжуд.
- Савол: Нима учун «Қадр кечаси» дея номланган?
Жавоб: Уламолар бу саволга бир қанча жавоблар беришган:
- Бу кечанинг даражаси жуда улуғ бўлгани учун;
- Аллоҳ таоло бу кечада дуоларни ижобат қилгани учун;
- Бу кечада бедор бўлиб ибодат қилганларнинг ажр-савоблари бир неча баробар кўпайтириб берилгани учун;
- Аллоҳ таоло бу кечада қилинган солиҳ амални минг ойдаги амалдан яхшироқ қилиб қўйгани учун;
- Бу кечада бедор бўлганларнинг гуноҳлари кечирилгани учун;
- Савол: Бу кечанинг бошқаларидан қандай устунликлари бор?
Жавоб: Унинг кечанинг бошқаридан бир қанча устунликлари бор:
- Ушбу кечада Қуръон Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинган;
- Бу кечада Аллоҳ таоло фаришталарини осмондан ерга туширади;
- Бу кеча омонлик ва саломатлик кечаси бўлади;
- Савол: Бу кечани қандай ўтказиш керак?
Жавоб: Қуръон тиловати, намоз, зикр ва дуолар билан ибодат қилиб ўтказиш лозим.
- Савол: Бу кечада қойим бўлишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажарган ва бунга тарғиб қилган амал бўлгани учун суннат амал саналади.
- Савол: Ушбу кечада нима деб дуо қилинади?
Жавоб: Ушбу кечада қуйидаги дуо кўпроқ айтилади: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, Cен марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!).
- Савол: Қадр кечасини Рамазоннинг қайси кечаларидан излаш лозим?
Жавоб: Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалар, хусусан, йигирма биринчи ва йигирма еттинчи кечадан излаш мақсадга мувофиқдир.
- Савол: У барча Рамазон ойларида бўладими ёки фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларига хосми?
Жавоб: У қиёматга қадар барча Рамазон ойларида бўлади.
- Савол: Нима учун унинг аниқ қайси кун экани махфий қолган?
Жавоб: Бунинг ҳикматларидан бири мусулмонларни ихлос ва муҳаббат билан Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тўлиқ ибодат ила ўтказишга тарғиб қилишдир.
10. Савол: Кечанинг қанчасида қойим бўлиш лозим?
Жавоб: Кечанинг баъзисини ибодат билан ўтказиш мумкин, аммо тўлиқ ибодат қилиш афзалдир.
МАНБА: muslim.uz
Манбалар асосида
Ийсохон Яҳё тайёрлади