Ҳалим бўлинг!

1427

Ислом таълимоти Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилиб яратилган. Инсон зоти маънавий камолот даражасига етишида лозим бўлган гўзал тартиб, одоб-ахлоққа доир барча йўл-йўриқларни алоҳида баён қилинган. Мана шундай чиройли одоблардан бири ҳалимлик, яъни юмшоқлик, беозорлик, меҳрибонлик сифати бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримнинг йигирмадан зиёд ўрнида зикр этилган. Уламолар ҳалимлик фазилати ҳақида сўз юритиб, уни инсон ғазаб отига минган вақтда виқорли бўлиш ва меҳрибонлик кўрсатиш ҳолати деб таърифлашган. Инсоний гўзал одоб-ахлоқлар тўғрисида илмий баҳс юритувчи баъзи тадқиқотчилар ҳилм, юмшоқ кўнгиллилик одам ўзини одоб доирасида ушлаши, ғазабини жиловлаши, деб айтишади. Зеро, жаҳл қувватини ақл-идрок ҳукмига бўйинсундириш билан ҳалимлик вужудга келади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб, шундай марҳамат қилган:

 “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”. (Оли Имрон 134)

Ҳалимлик яхши фазилат бўлиб, инсоннинг ақл камолотига ва ғазаб қувватини синдиришга далолат қилади. Қуръони каримнинг бир қатор сураларида Аллоҳ таолонинг Ҳалимлик сифати билан тавсифланиши ҳам ҳалимлик нақадар улуғ даража эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг бир неча ўрнида айтади:

яъни: “…билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир”.

Ҳудди шундай маънодаги оятлар Оли-Имрон, Нисо, Моида, Ҳаж, Исро каби сураларда ҳам келади. Дарҳақиқат, ҳалимлик, юмшоқлик пайғамбарлар ва пайғамбарликнинг энг улуғ ахлоқларидан бири эканини қуйидаги ояти карималарда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло пайғамбарлар отаси Иброҳим (а.с.) хулқи ҳақида “Тавба” сурасида айтади:

“…албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга олий даражадаги намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажралмас сифатларидан бўлган. Чунончи, баъзи ҳадисларда: “Ҳалимлик пайғамбарлар суннати”, – деб ривоят қилинган. Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси эканлари барчамизга яхши маълум. Биз ўшандай зотнинг умматлари эканмиз шунга яраша ҳалим бўлишлигимиз керак.

Имоми Табароний ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз с.а.в шундай деганлар: “Ҳалимлик қилган киши дунё ва охиратда улуғ бўлади”.

Байт: Истасангким, етмагай сенга бало, Бермагил ҳеч кимга озору-жафо.

Ҳар нарсанинг меваси бор: Қаноатнинг меваси-роҳатдир. Тавозуънинг меваси-муҳаббатдир. Ҳалимликнинг меваси-баландликдир. (Ҳўжа Ахрор Валий)

Халимликни қилсанг агар ихтиёр, бўлур халқи олам санга дўсти-ёр.

Демак, ҳалимлик ва беозорлик энг улуғ одоблар жумласидан эканини билдик. Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муомалаларда вазминлик, беозорлик ҳалимлик одобларига амал қилиб ҳаёт кечиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторидан ўрин оламиз.

Миркомил домла Ботиров,

Булоқбоши тумани бош имом хатиби