ТАЛОҚНИНГ МАШРУЪИЯТИ

2007

Ҳалол ишлар ичида Аллоҳга энг ёқимсизи, эр-хотин орасидаги риштани узиб бир исломий оилани парчаловчи талоқ Ислом шариатида китоб, суннат ва ижмоъ билан қонунийлаштирилган ҳукмдир. Ҳа, бизни ҳар қанча надомат ва пушаймонга солмасин, барибир у шариатимизда ўз ўрни ва ҳукмига эга амаллардан биридир!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафса розияллоҳу анҳо онамизни маълум сабабга кўра бир талоқ қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилади:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَطَلِّقُوهُنَّ لِعِدَّتِهِنَّ

Эй Набий! Агар аёлларни талоқ қиладиган бўлсангиз, иддалари учун талоқ қилинг…(Талоқ сураси  1-оят).

(Оят нозил бўлгач, баъзи саҳобалар Расулуллоҳга Ҳафса онамизни қайтиб олишни илтимос қиладилар. Эй Расулуллоҳ, саввома ва қаввомадир. Сизнинг жаннатда бирга бўладиган солиҳа завжаларингиздан биридир, уни қайтариб олинг—дейдилар. Расулуллоҳ кейин қайтиб оладилар).

Ояти карима гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айнан ўзларига доир сабаб ила тушган бўлсада, унинг ҳукми ул зотга ҳам ва жамики умматларига ҳам тегишлидир.

Талоқнинг машруъиятига суннатдан яна ушбу ҳадисни далил қилиш мумкин:

 أبغض الحلال إلى الله الطلاق

Аллоҳнинг наздида ҳалол нарсаларнинг энг мабғузи бу – талоқ! (Абу Довуд. Ибн Можа. Ҳоким саҳиҳ деган).

Ундан ташқари бутун уммати исломия талоқ  ислом шариатида жорий амал, никоҳни бузади—деб ижмоъан қабул қилган.

Шу ўринда алоҳида бир масалани қисқача бўлса ҳам урғулаб кетиш лозим. Шариатда талоқ бор экан, деб эркак киши хоҳлаган вақтда хотинни талоқ қилиши тўғри эмас. Талоқнинг суннийси ва бидъийси бор. Суннийси бу шариатда кўрсатилган тартибга мувофиқ талоқ қилиш. Бидъийси эса шариатимиз қайтарган талоқ. Масалан, хотин кишини ҳайзли чоғида талоқ қилиш ҳаром, ёки пок ҳолида яқинлик қилган бўлса то кейинги ҳайзини кўриб поклангунича ҳам талоқ қилиш мумкинмас, шунингдек, бир вақтнинг ўзида 3 талоқ қилиш ҳам бидъий ҳисобланади. Насиб бўлса, кейинги мақолаларда бу мавзуни кенгроқ ёритишга ҳаракат қиламиз.

Эр агар талоқ қилишда ўз хатти-ҳаракатларини шариат билан мувофиқлаштирса, Аллоҳ унга ажр беради. Иншааллоҳ!

Авазбек домла МЎМИНОВ,

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби