Абдулмажид қори дада (Фаришта қози)

1794

Абдуллоҳ қори домла ўғли Абдулмажид. Ҳофизи Қуръон, буюк аллома, фақиҳ, зуллисонайн (араб‑форс) шоир, адиб, Шарқ фалсафаси билимдони, хаттот, қозий, мутасаввиф, валий. «Қози домла», «Фаришта қози», «Ҳастдомла» («Ҳазрат домла»нинг қисқартирилган шакли) лақаблари билан машҳур бўлган. Тахаллуси «Ҳофиз».

Насаби:

Абдулмажид Абдуллоҳ қори ўғли, Абдуллоҳ қори Жабборқули қози калон ўғли, Жабборқули қози калон Рўзибой аллома ўғли, Рўзибой аллома Мавлавий Абдулазизнинг ўғилларидир. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Абдулмажиднинг падари бузруквори Абдуллоҳ қори домла алайҳирраҳма ҳофизи Қуръон, олим, фозил, бадавлат, ҳимматпеша инсон бўлган. Катта боғи ҳам бўлган. Буни у кишининг шаънига вафодор фарзанд томонидан битилган марсияда яққол кўришимиз мумкин:

Дар ҳама илм устоди беадил,

Дар ҳама фан комили аҳли замон.

Хосса дар илми қироат кей шўда,

Сонияшро муктаҳил чашми замон.

(Барча илмда ўхшаши йўқ олим, барча фанда замона аҳлининг энг баркамоли эди. Хусусан, қироат илмида унинг иккинчиси (ўхшаши) билан замон кўзи сурма тортмаган.)

Шоир ва олим Абдулаҳад Азизов – Анисий унинг насаби ҳақида шундай деган эди:

Олиму, фозил ҳама обоу, аждоди анинг,

Насли одамдан келиб авлоди олий манқабат.

Тавалллуди:

Абдулмажид Андижондаги Чуқур Масжид маҳалласида 1870 (ҳижрий 1286‑1287) йили илм ва Қуръон оиласида таваллуд топди. Бу уй ҳозирги Андижондаги тиббиёт билим юрти ўрнида эди.

Замондошлари таърифида:

Андижоннинг энг етакчи олимларидан, қози домланинг божаси Аминжон махдум домла ҳам Абдулмажид қози домла ҳақида сўз борганда у кишининг илму‑маърифатдаги камолини таърифлаб: «Қози домла Одам алайҳиссаломдан бу ёқдаги илмни билади», – деб қўяр эди.[10]

Анваржон ҳожи ака шундай ҳикоя қилади: «Мен навжувон пайтим. Бир кун «қози домла вафот этдилар», деган хабарни эшитиб қолдим. Катталардан бири менга бу хабарни «Косабозор» маҳалласидаги Муҳаммад Сиддиқ махдум акага етказиб қўйишни топширди. Бориб эшикни қоқдим. Махдум почча таҳорат олиб турган экан. Мен шоша‑пиша: «Қози домла вафот этдибдилар», деганимни биламан, у киши турган жойида қотиб қолди, ҳушини йўқотиб, ўзини билмай қолди. Фарзандлари сув келтириб, юзларига сепишди. Бироздан сўнг ўзига келар экан, биринчи айтган сўзи шундай бўлди: «Устунимиз»дан айрилибмиз‑да.

У зотни кўрганларнинг ҳар бири ўзи ким, ёши нечада бўлишидан қатъи назар «Унинг ўхшашини кўрмаганмиз” дейди.

Буюк шахсият:

Абдулмажид қози домла пок қалб, соф фитрат, кучли руҳ, буюк илм, етук тақво, беназир ахлоқ, ўткир зеҳн, беқиёс муҳофаза, нодир истедод соҳиби эди.

Абдулмажид қози домла жуда баланд бўйли, йўғонсуяк, басавлат, жуда ҳайбатли, елкаси кенг, бармоқлари йирик, қизилга мойил оқ юзли, соқоли ўзига ярашган, уни бир қабзадан оширмас, овози жуда салобатли, нутқи ўта равон, ҳар бир сўзни эҳтимом билан айтар, бирор марта шошиб гапирмас эди. Суҳбатига ошиқларнинг‑ку сон‑саноғи йўқ, аммо сувратини бир кўрган киши ҳам унга мафтун бўлиб қолар эди. Қозилик лавозимидаги кезлар ҳам кўркам либосларни, гўзал салла, тўнларни кийиб, жуда чиройли бир қора саман отни миниб юрар, хусусан, жума намозига чиқишда бу ҳайъати зиёда бўлиб кетар эди. Ҳатто одамлар уни томоша қилгани кўчаларга чиқиб туришар эди. Бир аср хизмат қилганига қарамай, кўзлар кўзойнаксиз ўқиш, оёқлар ҳассасиз юра олиш қудратини йўқотмаган эди. Аждодларининг асрлар оша аҳли илм, етакчи, улуғ шахслар бўлиб келгани ҳам Қози домла учун шараф устига шараф бахш этар эди. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган хос бандасига дунёю охират неъматларини мукаммал қилиб бериши намунаси эди.

Шарқ ҳикматларида инсон учун камолот белгиси сифатида 7 ёки 8 хислатни зикр қилинади. Абдулмажид қози домлада ана ўша хислатлар етарлича топилар эди. Улар қуйидаги байтда жамланган:

Зеби жома, ҳусни хома, нутқи том, мақбули ом,

Қолу, ҳолу, молу, сол бўлса саодатдир тамом.

Қол – зоҳирга таллуқли илмлар;

Ҳол – ботинга таллуқли илмлар, ботинда Аллоҳга боғлиқ бўлиш;

Мол – бировга муҳтож бўлмаслик учун етарли таъминот;

Сол – катталик, камолот ёшига етиш;

Нутқи том – сўзи ўткирлик, нутқ баркамоллиги;

Мақбули ом – барча иш, ва ҳолатида омма уни маъқул, маҳбуб кўриши;

Зеби жома – нима кийса, ярашавериши;

Ҳусни хома – хати чиройли, қалами ўткир бўлиш.

Кароматлари:

Динсизлик сиёсатининг ватанимизда Исломга қарши ҳужуми авжига минган кезлар бу буюк Ислом арбобига ҳам ташвиш келтирган эди. Бир сафар миршаблар Қози домлани тутиб бориш топшириғи билан уйига бостириб кириб қолишди. Қози домла айни уйда пайти эди. Саҳндаги бир чолмашган дарахтнинг ортига ўтиб олиб, маъсур бир дуони ўқиб турди. Миршаблар уйнинг ичу‑ташини тафтиш қилишди. Саҳнию уйни бир неча бор айланиб текширишгач, ноумидларча шиддат билан чиқиб кетишди. Қизиғи шундаки, бир неча ҳассос қидирувчилар қози домлани қидириб топа олмаётган лаҳзанинг ўзида фарзандлари уни узоқдан кўриб туришар, миршаблар гоҳо уни истаб унинг ёнидан айланаётганидан таажжубда эдилар. Аллоҳ таоло қози домланинг дуосини ижобат қилган, уларнинг кўзига парда тортган эди.

Ҳусни хотима:

1386 йил 4 зулҳижжа (1967 йил 15 март) чоршанба куни. Абдулмажид қози домла алайҳирраҳма қишлоққа бир йиғинга бориб келадилар. Оқшом тушгач, набиралари билан суҳбатда ҳеч бировининг эсига келмаган мавзуда сўз очадилар: «Падари бузрукворимиз алайҳирраҳма милодий сана ҳисобида 97 йил яшаган эдилар. Қайин- отамиз, ҳам устозимиз Абдуссамеъ халфа алайҳирраҳма ҳам ўша ёшда вафот этганлар. (ўзларининг яқинларидан яна бир кишини ҳам айтдилар). Биз ҳам ўша ёшга етиб келдик. Халқ бизнинг ҳаққимизга «умри табиий»[14] сўраб дуо қиладилар, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ижобат қилган бўлса, ажаб эмас. Аммо бизнинг марра ҳам шу, биз маррага етиб келдик».[15]

Бу ғайриоддий гаплар, башар одатига кўра, эшитганларга оддий туюлар эди. Чунки бу сўзларни айтаётган киши доимгидек соғ ва тетик эди. Ақллар бу сўзларни тинглар экан, Аллоҳнинг яқин келган қазосидан ғафлатда эди. Бу ғафлатни бундан кўра аниқроқ ифода билан ҳам аритиб бўлмас эди. Зеро, қазо ва қадар Аллоҳ таолонинг сиридир. Ҳамма уй‑уйига кириб, кўзлар ҳам ғафлатга кетди. Одатдагидек субҳи содиқдан аввал хизматига кирган набираси у кишининг уйғонмаганидан ҳайрон бўлиб, яқин борган эди, кўрдики, ҳолат доимгидан ўзгача: Абдулмажид қози домла беҳуш ётар эди. Дарҳол тадбирга киришилди. Пешин вақти ҳам яқинлашди. Табиблар олиб келиб, муолажа қилмоқчи ҳам бўлдилар. Аммо кеча ишораси берилган ҳукм соати келган эди.

Абдулмажид қози домла алайҳирраҳма 1386 йил 5 зулҳижжа (1967 йил 16 март) пайшанба пешин вақти бир асрлик ҳаётни тамомлаб, абадий ҳаётга йўл олдилар. Уни таваллудидан вафотигача ҳурмату эъзозда қилган, бир аср сийлаб, илтифот кўрсатган Роббининг ҳузурига у Зотдан рози бўлган, иншааллоҳ, У Зот ҳам бу эрка бандасидан рози бўлган ҳолда риҳлат қилдилар. Бутун юрт мотамга чўмди. Жаноза жума намози пайтига белгиланди. Атроф‑жавонибдан одамлар оқиб кела бошлади. Халқнинг руҳий ҳолати, бу оғир жудолик, улкан йўқотишни ҳис қилган кишилар хонадон дарвозаси пештоқига Алишер Навоийнинг қуйидаги мисрарларини бир катта қоғозга ёзиб, гўё Аллоҳнинг илҳоми билан ҳақли равишда осиб қўйдилар:

Фироқ вақтидир, эй кўзлар, эмди қон йиғланг,

Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз!

Жанозага бутун Ўрта Осиёдан кишилар иштирок этди. Хонадондан олиб чиқилган тобут Андижон марказидаги Девонабой масжидига қўлма‑қўл олиб борилди. Оламоннинг бир учи тобутни масжидга олиб борган бир вақтда ҳали кети хонадондан узилмаган эди. Ўша пайтда Девонабой масжидида имом‑хатиб бўлиб турган, Қози домланинг содиқ шогирдларидан бўлган Ҳабибуллоҳ қори ака жанозани ўқиди. Тобут шаҳарнинг юқори четидаги Бобо Саъдуддин қабристонига елкама‑елка, қўлма‑қўл олиб борилди. Манзилга етиб боргунча анбар устидаги чойшабларни кишилар майда‑майда қилиб бўлиб олдилар. Дафн маросими гўё қиёматни эслатди.

Абдулмажид қози домла алайҳирраҳманинг шаънларига замонанинг энг етук олимлари, шоирлари марсиялар, таърихлар битишди.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ул буюк зотни ўз раҳматига олсин, ҳаётида бир намуна сифатида кўрсатган фазлу  марҳаматини охиратда бемисл қилиб берсин. Ислом умматига яна ўшандоқ буюк намояндаларни ато айласин.

Манба: quran.uz