Шаҳобиддин қори дада

1334

Шаҳобиддин қори ака Андижон шаҳри, Тўқмоқ маҳалласида 1892 (1309‑1310) йили тақводор оилада дунёга келган. Отаси Мўминжон ака оддий деҳқон одам эди.

Шаҳобиддин қори ака дастлаб Андижон шаҳри марказидаги қорихонада Қуръон ёдлаган. Айтишларига қараганда, бу қорихона Жомеъ мадрасасининг яқинида жойлашган экан.

Қори ака қассоб Мўминжон аканинг қизи Роҳилахонга уйланган. Улар Ҳошимжон, Козимжон, Носиржон исмли уч ўғил ҳамда Саодатхон, Сабохон, Саломатхон исмли уч қиз фарзанд кўришган. Улардан Ҳошимжон, Носиржон ва Саодатхонлар оламдан ўтишган.

Шаҳобиддин қори ака ҳар бир ҳарфни алоҳида эҳтимом билан ажратиб, дона‑дона қилиб, жуда ширин, мулойим, файзли ва таъсирли тиловат қилар, у киши қироат қилганларида қалблар эриб кетар эди. Зеро, бўғиздан чиққан овоз қулоққа етса, қалбдан чиққан овоз қалбнинг туб-тубига етиб боради.

Шаҳобиддин қори ака Куръон нурини фақат ўзбек диёрига эмас, балки хорижий давлатларга ҳам таратган ҳамда ўзбек миллатининг шарафини кўкларга кўтарган инсон бўлганлар.

Бурҳониддин қори ака яна шундай эслайдилар:

«Мен Шаҳобиддин қори акам билан 1950‑1960 йиллар орасида бирга бўлганман. 50-йилларда Қори акам билан Фрунзега Рамазонда хатмга борганмиз. У кишининг айни авж пайтлари эди. Қироатларини тинглаб турган кишилар беҳуш бўлаёзар эди.

XX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёда Қуръони Каримга энг кўп хизмат қилган Мубин қори ака ҳамда ўз даврининг энг машҳур қориларидан бўлган, 1967 йили Покистонда бўлиб ўтган жаҳон қорилар кўригида иккинчи ўринни олган Қосимов Раҳматуллоҳ қори акалар ҳам тажвид қоидалари ва арабий қироатни Шаҳобиддин қори акадан олганликлари сўзимизга далил сифатида кифоя қилади. Шунингдек, қори аканинг юқорида зикри келган шогирдлари Абдулмалик қорининг аканинг қироатини эшитган Мисрдаги устоз унга ҳам «ижозат» ёзиб берганлари бежиз эмас.

Шаҳобиддин қори ака қомати келишган, соқоли ўзига ярашган, оқ юзли, истараси иссиқ, хушовоз ҳамда табиатан зарофатли, нозиктаъб, мутойибага уста, ниҳоятда ҳалим, улфатнишин инсон бўлганлар. Бир марта суҳбатларини олган одамни ўзларига ром қилиб олар эдилар. Илмни ҳам очиқкўнгиллик билан берар эдилар. Дарсни ўтиб бўлганларидан сўнг талабаларнинг кўзларига бир синчков нигоҳ ташлаб, дарсни яхши тушунган талабани дарҳол пайқаб олар ва унга табассум билан мамнуниятларини изҳор қилиб, сўнг «Танаффус», деб чиқиб кетар эдилар. Бирор талабага қаттиқ сўз айтмас, талабалар ҳам у кишининг дарсларини интиқлик билан кутар ва яхши ўқишга ҳаракат қилар эдилар.

1975 йил 7 ноябрь (1395 йил 3 зулқаъда) Жумъа куни. Шаҳобиддин қори ака Жумъа намозини адо этиб чиқадилар. Аҳволлари ҳам яхши эди. Аммо Аллоҳ таоло қадарининг ўз ижросини топиш они келган эди: саксон уч ёшигача Каломуллоҳдан айрилмаган, ярим аср давомида Қуръон хизматини тарк этмаган, шундай кексалик ёшида ҳам илм ва Қуръон хизматига доимгидек камарбаста бўлиб турган ўз даврининг «Шайхул‑қурро»си  Шаҳобиддин қори ака шу дамгача қалбида сақлаб келган маҳбуби Қуръони Каримнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурига сафар қиладилар. Қуръон баракоти билан суғорилган саксон беш йиллик ҳаёт ўз ниҳоясига етади.

Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир», – деган марҳаматларидаги буюк ҳикмат, чексиз раҳмат ва мислсиз фазлни яна бир бор ҳис қилиш мумкин.

Шаҳобиддин қори аканинг жанозаларига муфтий Зиёуддин қори ака жаноблари имом бўлдилар. Маросимга йиғилганлар марҳумнинг фазилатларини, мадрасадаги йигирма етти йиллик фаолиятларини, чет элларда бўлиб ўтган у киши билан боғлиқ воқеаларни зикр қилиб йиғладилар. Қори ака «Кўкча» қабристонига дафн қилиндилар.

Шаҳобиддин қори ака кейинги авлодлар учун бир неча магнит тасмадаги қироатларини мерос қилиб қолдирганлар. Аммо бизнинг қўлимиздаги тасмалар бетоб бўлганларидан кейин ёзилган.

Аллоҳ таоло Қори акамизни ўз раҳматига олган бўлсин, азму қарор қилиб турган нарсасидаги ажрни зиёда ато этсин, охиратда ҳам дунёдагидек Шайхул‑қурролар сафида қилсин. Биз ва кейинги авлодларга ҳам ана шундай шарафли йўлда уларнинг изидан боришни насиб айласин. Омин!