Шукр қилиш улуғ неъмат

1678

Ҳаёт кечиришимиз учун Аллоҳ таъоло ато этган неъматлар шундай беҳисобки, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Буларнинг шукурини адо этиш эса ҳар бир кишининг бандалик бурчи ҳисобланади. Шукроналик энг аввало, Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилишда, унга тоат ва илтижода бўлишдадир.
Теран фикр юритиб кўрсак, бизга ато этилган неъматларнинг завол топишига исрофгарчилик, ёлғон сўзлаш, ғийбат, тухмат каби амалларимиз сабаб бўлади. Зеро, бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди – ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброхим сураси 7-оят).
Неъматлар шукри, уларни қай тарзда адо этиш борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар: “Тўрт нарса кимга берилган бўлса, дунё ва охират яхшилиги берилибди: зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб, сабрли бадан ва солиҳа хотин”.
Ҳукамолар шукрни икки турга бўладилар: умумий ва хусусий.
Умумий шукр тил билан ҳамд айтиш. Аллоҳнинг неъматларини эътироф этишдир. Хусусий яъни хос шукр эса, тил билан ҳамд айтиш, қалб билан таниш ва солиҳ амалларни қилиш ҳамда нопок нарсалардан сақланишдир.
Мўмин киши ўзига хос шукрни касб этмоғи лозим. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиб, бу дунёда комил ризқ, солиҳ фарзанд, осуда ҳаёт каби неъматларга ноил бўлса, охиратда жаннати-маъводан макон топиш ила сарофроз бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи қалб соҳиби бўлиш бахтига муяссар айласин!

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари
Хайруллоҳ домла Сулаймонов