Одамлар бузилди, замон бузилди, деган гапларни кўп такрорлайдиган, ривож топтирадиган кишиларнинг ўзига бир назар солинг-а! Улар бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиган, турли миш-мишлар тарқатиб, халқ ичида парокандалик, тушкунлик, нотўғри тушунчаларнинг тарқалишига имкон туғдирадиган кимсалар бўлади. Унинг ўрнига, жиддият билан шу бузилган одамни тузатиб, айниган соҳани ислоҳ қилишга астойдил киришиш керак. Ана шунда ҳақиқий мўминлик вазифасини адо этган бўлади.
Мўминман, мусулмонман деган ҳар бир банда амри маъруф ва наҳи мункар қилмоқлиги даркор бўлади. Агар жамиятнинг баъзи бир аъзолари ёмонлик қилсалар-у, бошқалари уларга томошабин бўлиб турсалар, жамият аъзоларини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло умумий азобга қўйиши бир неча бор таъкидлаб айтилган. Пайғамбаримиз саалоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида, сизлардан аввалги умматларнинг ҳалок бўлиш сабабларидан бири амри маъруф ва наҳи мункарни тарк қилганликларидадур, деб айтилади. Шунингдек, бани Исроил ҳалок бўлиш сабаби ҳам, улар амри маъруф ва наҳи мункар қилмаганликларидан бўлган деб айтадилар. Демак, жиноятчиликка қарши курашиш, кишиларни ёмон йўлдан сақлаб қолиш ҳаммамизнинг ишимиз бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалам марҳамат қилиб айтганларким: «Сизлардан ким бир ёмон ишни кўрса – қўли билан қайтарсин, қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса – тили билан қайтарсин, бунга ҳам ҳозир бўлмаса – дили билан қайтарсин. Мана шу «дили билан» қайтариши имоннинг заифлигидандир». Бундан келиб чиқадики, ҳеч бўлмаганда, дилимиз билан жиноятчиликни инкор қилишимиз лозим. Биз ғоят ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилганимиздагина жиноятчилик ва ножўя ҳолатларнинг олдини олиш, кўпчиликнинг ғамини ейиш ишларига ўтган бўламиз.
Ҳар бир жиноят Қуръони каримга, суннатга, шариатга хилофдир, мункар ишдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мункарга қарши курашга чақирганлар.
Замоннинг шиддати тез, ахборот асрида ёшларнинг онгига хуружлар кўпайиб боряпти. Шунинг учун энди ҳар бир мункарга, ҳар бир жиноятга қарши бир тану бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб курашишимиз лозим. Чунки бунинг ортида ёшларимизнинг, фарзандларимизнинг, халқимизнинг, Ватанимизнинг келажаги турибди…
Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби