БУГУН ПАЙҒАМБАРИМ ТУҒИЛГАН КЕЧА

1019

 

Жаҳолат эшигин беркитиб буткул,

Қабоҳат зотини тугатиб тугал,

Саодат боғида кулиб мисли гул,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Сизда қувонч бўлсин, бўлсин гулгун юз,

Кўзингизда бўлсин порлоқ бир юлдуз,

Зеро, қувонгайлар кечаю кундуз,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Бугун бизнинг уйга келсайди ул зот,

Бори бисотимиз қилардик закот,

Насиб этармикан кўришмоқ ҳайҳот,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Ё Набий сиз биз билан биргасиз ҳар дам,

Суннатингиз эслар уммат дамбадам,

Ушбу кун туғилган қилмагай надам,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Унутинг дунёнинг ташвишларини,

Мавж урган туғёну қалқишларини,

Керак бўлса мақтов олқишларини,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Ҳаёлан бўлса ҳам қумсайман сизни,

Кўзни юмиб бир дам эслайман сизни,

Кўрарманму, эй воҳ, Сиз юрган изни,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Сиздан олмиш Макка ўз чиройинии

Мадина ҳам безар сиз-ла ойини,

Сиздан қурмиш Аллоҳ бахт саройини,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

Сизни сифатлашга ожиздир қалам,

Сизсиз яшамоқлик бизларга алам,

Баногоҳ, эсласам титрагай танам,

Бугун пайғамбарим туғилган кеча.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Саидаҳмад Сайдаралиев