Юртимиздан ҳаж ва умра сафарига отланганлар одат бўйича аввал Мадинаи мунавварага бориб, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини зиёрат қиладилар. Масжидун-набавийда намоз ўқийдилар. Ана ундан кейин Маккага келиб асосий ибодат амалларига киришадилар.
Лекин хозирги соҳта салафийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини зиёрат қилишни ҳаром деб ҳисоблашади. Жумладан уларнинг раҳнамоларидан бири Носир Албоний қуйидагича фатво берган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрати учун сафарга отланиш ҳаром. Қаранг: «Фатава ал-Албоний фил-мадина вал-имарат». 12 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томондан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср.
Албонийнинг бу фатвоси аввалда ҳанбалий мазҳабидан бўлган Аҳмад ибн Таймиянинг қарашлари асосида айтилган бўлиши мумкин. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифларини зиёрат қилишдан қайтаргани, бу шарафли нияти билан йўлга чиқиш гуноҳ ва бу йўлдаги мусофирларга ҳатто намозни қаср қилиш ҳам мумкин эмаслигини айтиб келгани бир қанча адабиётларда келади.
Айрим олимлар бу гапнинг асли йўқ, ибн Таймияга нотўғри нисбат қилинганини ҳам иддао қилишган. Шундай бўлсада, бу масалада суннат ҳомийлари бўлмиш аксар уламолар ибн Таймияга раддиялар битишган. Хусусан, шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ шу масалада ибн Таймияга алоҳида раддия битган. У «Шифоус сақом фи зиёрати хайрил аном» деб номланади.
Мазкур китоб ўн бобдан иборат бўлиб, унинг аввалги етти боби зиёрат масаласига бағишланган. Кейинги учта бобда, тавассул ва истиғоса, шафоат, пайғамбарларнинг қабрларида ҳаёт эканлиги ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ рози бўлгур, муааллиф мазкур китобда қабри шариф зиёратидан ман этувчиларни жуда кучли далиллар билан «калтаклаган».
Аслида Расулуллоҳнинг қабри шарифларини зиёрат қилиш салафи солиҳлар ижмоъси билан мандуб ва кўп савоблик амалдир. Жумҳурнинг қавли ҳам шу. Шайх ибн Обидин Раҳматуллоҳи алайҳ қабри шариф зиёрати ижмоъан жоиз эканини «Раддул мухтор»да айтади ва «Лубоб»да ҳам бу ижмоъ нақл қилинганини алоҳида қайдлаб ўтган.
Шайҳ Муҳаммад Саъид Соғиржий «Ал-фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ» номли асарида қабри шариф зиёрати мандублигини, жумҳури аҳли илмлар бу қарашда якдиллигини алоҳида урғулаб, қуйидаги оятни унга сасос бўлишини билдиради:
وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذ ظَّلَمُواْ أَنفُسَهُمْ جَآؤُوكَ فَاسْتَغْفَرُواْ اللّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُواْ اللّهَ تَوَّاباً رَّحِيماً
Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингизга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар.Нисо сураси / 64.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларида тирикдир. Ул зот бу дунёдан ўтганларидан кейин ҳам Набийдир. Шундай экан оятга кўра, Ул зотнинг қабри олдига Аллоҳдан мағфират тилаб келиш то даври қиёматгача биз осий умматлар учун манфаатли иш бўлиб қолаверади. Қаранг: Ал-фиқҳ ал-ҳанафий. 3 – Ж. 490 – Б. Дамашқ. Дор ал-калим ат-тойиб. 2005.
Қабри шариф зиёратига далил сифатида яна ушбу ҳадисни келтириш мумкин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
من حج فزار قبرى بعد وفاتى فكأنما زارنى فى حياتى
Кимки ҳаж қилса, бас, вафотимдан кейин қабримни зиёрат қилса, у гўёки мени ҳаётлик чоғимда зиёрат қилгандек бўлади. Сунани Дорақутний 2/278.
Хулосатул калом шуки, хозирги соҳта салафийларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини зиёрат қилишдан қайтаришларига эътибор йўқ. Бу масалада салафи солиҳларнинг ҳаммаси якдил фикрда мандуб деб эътиқод қилганлар! Тўрт фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари ҳам қабри шариф зиёратини мандуб деб уқтиради. Ўшаларга эргашамиз. Янги чиққан соҳта салафийларга эмас!
Авазбек домла Мўминов,
Андижон шаҳар «Чинор» жоме масжид имоми