Аллоҳ таолонинг инсонга инъом этган энг улуғ, энг буюк, энг азиз, неъмати бу шубҳасиз умр неъматидир. Унинг қадрига етмоқ, шукрини адо қилмоқлик эса умримизни хайрли ишларга сарф қилмоқлик билан бўлади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси етканидир” деганлар. Қиёмат кунида ҳам биринчи неъматлар қаторида сўралгувчи савол умрини нима учун сарф қилгани тўғрисида бўлишини китоблардан ўқиганмиз. Умрини беҳудага сарф қилган кишининг мисоли ёнғоқ қуртининг мисолига ўхшайди.
Ёнғоқ қурти ўзи сиғадиган тешик очиб, ёнғоқни ичига кириб нима бўлса ейди. Еган сари семиради ва тўяди. Ёнғоқ ичида ҳеч нарса қолмагандан сўнг, ташқарига чиқишга интилади. Тешик кичик бўлгани учун ташқарига чиқолмайди. Ундан ҳам ёмони ёнғоқнинг ичи қурий бошлайди, энди тешикни қайта кенгайтиришни имкони ҳам қолмайди. Биргина чора яна озимоқ, ўзҳолигақайтмоқ бўлади. Ёнғоқ ичида мажбур очликдан озиб, эски заиф ҳолига қайтиб ташқарига чиқади. Қарасаки унинг учун мавсум тугаб ортда қуриган ёнғоқдан бошқа ҳеч нарса қолмаган бўлади.
Баъзи инсонларнинг яшаш тарзи худди ёнғоқ қурти кабидир.
Мол-дунё дардида умрини беҳуда нарсалар билан хабада қилиб ўтказиб юборади. Энди бўлди муносиб шаклда буюрилгандай яшай деганда умрининг сўнгги дамларини яшаётган бўлади. Шундай бўлишини олдини олиш учун эса барчамиз Аллоҳ ато қилган бебаҳо умримизни омонат билиб уни хайрли ишларга сарф этайлик.
Мақсудали домла Қосимов,
Хўжаобод тумани бош имом-хатиби