«Ал-бидая ван ниҳая» китобида келган. Имом Табароний Али ибн Ҳусайндан ривоят қилади:
«Қиёмат кунида нидо қилувчи аҳли фазллар турсин деб», нидо қилади. Бир жамоа инсонлар ўрнидан туради. Уларга:
-Жаннатга боринглар, дейилади. Фаришталар уларни кутиб олади. Улар:
-Қаерга кетяпмиз?
Фаришталар:
-Жаннатга, дейди.
-Ҳисобдан олдин-а?
-Ҳа!
-Сизлар кимсиз?
-Биз, Аҳли фазлмиз.
-Фазлингиз нима эди?
-Бизга жоҳиллик қилинса ҳалим, зулм қилинса сабр, ёмонлик қилинса кечириб юборар эдик.
-Жаннатга киринглар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай яхши, дейилади.
Сўнгра нидо қилувчи сабр аҳли турсин, дейди. Бир тоифа инсонлар турадилар. Уларга:
-Жаннатга боринглар, дейилади.
Фаришталар кутиб олиб, уларга ўхшаш гапларни айтадилар. Улар:
-Биз сабр аҳлимиз.
-Сабрингиз нима бўлган?
-Аллоҳнинг тоатига, Унга маъсият этишдан ва ҳамда балоларга сабр қилдик.
-Жаннатга киринглар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай яхши, дейилади.
Сўнгра нидо қилувчи нидо қилади «Аллоҳнинг (охират) ҳовлисида қўшнилари турсин», дейилади. Бир тоифа инсонлар туради. Улар озчилик бўлади. Уларга ҳам: «Жаннатга киринглар», дейилади. Фаришталар уларни кутиб олиб, олдингиларга ўхшаш сўзларни айтадилар.
-(Охират) ҳовлисида нима сабабли Аллоҳга қўшни бўлишга эришдингиз?
-Биз Аллоҳ йўлида бир-биримизни зиёрат қилардик, Аллоҳ йўлида ҳаммажлис бўлардик, (боримизни) бир-биримизга сарфлар эдик, дейишади. Уларга ҳам:
-Жаннатга киринглар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай яхши, дейилади.
Ҳайруллоҳ домла Сулаймонов,
Андижон вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.