РАМАЗОН ТАБРИГИ

1521

Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

Мана юртимизга  барча ойларнинг султони бўлган Муборак Рамазони шариф кириб келмоқда. Шу муносабат билан сиз азизларни Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган барча имом-хатиблар номидан ва ҳам бўлса шахсан ўзим номимдан чин қалбдан муборакбод этаман.

Рамазони шариф кириб келар экан кўпчилигимиз ҳар йили бу ой бошимизга соябон бўлиб келиши ва  барокот ойнинг фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун рўза ибодати ва унинг аҳкомларини батафсилроқ англаб етишга ҳаракат қилиб қоламиз.

Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ  

 (سورة البقرة/183)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Бу ояти каримани Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитгувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَتَاكُمْ رَمَضَانُ شَهْرٌ مُبَارَكٌ فَرَضَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عَلَيْكُمْ صِيَامَهُ تُفَتَّحُ فِيهِ أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَتُغَلَّقُ فِيهِ أَبْوَابُ الْجَحِيمِ وَتُغَلُّ فِيهِ مَرَدَةُ الشَّيَاطِينِ للهِ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ مَنْ حُرِمَ خَيْرَهَا فَقَدْ حُرِمَ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».

Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Дарҳақиқат Рамазон ойи бу, раҳмат ва мағфират ойидир. Бу ой дуолар қабул, ибодатлар мақбул ҳамда гуноҳларимиз мағфур бўладиган ойдирки, барчаларимиз бу ойнинг баракоти ва раҳматида бебаҳра қолмаслигимиз керак.

Муборак Рамазон ойи муносабати билан вилоятимиз аҳолисига қулай шарт-шароитларни яратиш ва ташкил этиш мақсадида Андижон вилоятининг барча 181та масжидларида таровеҳ намозлари ҳамда ушбу масжидларнинг 172 тасида ва вилоятимиздаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус Ислом билим юртида 20 кунлик Хатми Қуръонлар ташкил қилинаётган бўлиб, ушбу ўтказиладиган Хатми Қуръонлар бир вақтда бошланиб, ҳар бир масжидда тенг тугаши, бунда эса ҳар бир намозхон доим таровеҳ намозларида қатнашаётган масжидидан бошқасига борса, ҳар куни эшитаётган Хатми Қуръонининг узлуксиз давомийлиги назарда тутилганини кўришимиз мумкин. Бу эса Сиз азизларни айрим сабаблар билан бошқа масжидга борган чоғингизда ҳам ўз ҳудудингиздаги тинглаётган Хатми Қуръонни жойидан давомий тинглашлик имконини беради.

Жорий йилги Муборак Рамазон ойи диёримизда диний соҳада тарихий ўзгаришлар бўлаётган бир даврда келишлиги бизлар учун кўпроқ ибодатлар, яхшиликлар қилишлик асносида юртимзда хуқм сураётган тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашлик, юртимизда амалга оширилаётган барча яхшиликларга муносиб ҳисса қўшиб, доимо шукроналики ҳисси билан яшаб, Аллоҳ таолодан халқимизнинг фаровонлиги, Юртимизнинг равнақи янада юқори бўлишлигини сўраб дуои-хайрларда бўлишлигимиз керак.

Илоҳим ушбу Муборак ойда ҳаммаларимиз тоатда, ибодатда, гўзал дуоларда бардавом бўлишлигимиз, барчаларимизни Рамазон ойи фазилатидан унумли фойдаланиб қолишлигимизни Аллоҳ насиб айласин.

Вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин ҳожи Холиқназаров