Таъзия билдирамиз

1029

Жорий йилнинг 18-январь куни бутун ўзбек халқини ларзага келтирган мудхиш хабар, Қозоғистон Республикасининг Актўбе вилоятида содир этилган фожеа ҳалигача кўз ўнгимиздан кетмаяпти. Қанчадан-қанча ватандошимиз, диндошимиз олов ичра бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Биз бир-бирларимиз билан бир тану-бир жонмиз. Бирор бир дўстимизга, биродаримизга, диндошимизга заррача тикон кирса бизга киргандек бўлади. Шунинг учун ҳам бугун бутун Ўзбекистон ҳалқи жуда катта қайғуда, изтиробда турибди. Манашундай қайғу ва изтиробли кунларда бир-бирларимизнинг ҳолларимиздан хабар олишлик эса инсонийликнинг энг гўзал фазилат ва сифатларидан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Андижон вилоятининг барча масжидларида ҳамда Андижон “Саййид Мухйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида Актўбедаги фожеа қурбонлари эсга олинди, уларнинг ҳақларига Қуръони карим тиловатлари қилиниб, дуолари бағишланди.

Жорий йилнинг 22-январь куни эса, Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин ҳожи Холиқназаров, ндижон “Саййид Мухйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудири М.Алимов ҳамда бир гуруҳ имом-хатибларимиз Актўбедаги фожеа қурбонларининг хонадон аҳлларига таъзия изҳор қилишлик, уларга маънавий ҳамдардлик кўрсатишлик мақсадида Қорасув шаҳри ва Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Косонсой туманларидаги хонадонларига ташриф буюрдилар.

Машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига Қуръон тиловати ва дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Инсон қачон, қаерда ва қандай ҳолатда вафот этишини билмайди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида Киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтганлар.

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи хайрлар қилиш мўминлик ҳақларидан ҳисобланади. Қуръони каримда шундай дейилган:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят)

Шундай экан ушбу фожиада вафот этган юртдошларимизнинг ҳақларига дуо қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўраймиз. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканимизни билдирган ҳолда сабру жамил тилаймиз.

[su_custom_gallery source=”media: 2311,2312,2313,2314,2315,2316,2317,2318,2319,2320,2321,2322″ limit=”12″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]

Андижон вилоятидаги имом-хатиблар номидан

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги