Сабрнинг қисмлари

1051

Баъзи орифлар сабрнинг мақоми учтадир, дейдилар:

Биринчи мақом шаҳватни тарк қилишдан иборат бўлиб, уни “тавба қилувчилар даражаси” дейилади.

 Иккинчи мақом тақдир қилинган нарсага рози бўлишдан иборат бўлиб, уни “зоҳидлар даражаси” дейилади.

 Учинчи мақом Роббинг раво кўрган нарсасига муҳаббат қилишдан иборат бўлиб, уни “сиддиқлар даражаси” дейилади.

 Сабр ҳукм жиҳатидан ҳам бир неча қисмга бўлинади:

  1. Фарз.

 Шариатда ҳаром ва ман қилинган нарсаларга сабр қилиш фарздир.

  1. Нафл.

 Макруҳ – ёқимсиз нарсаларга сабр қилиш нафлдир

  1. Ҳаром.

 Шариат ман этган сабрни қилиш ҳаромдир.

 Мисол учун, бир кишининг қўлини бошқаси зулм қилиб кесса, унинг сабр қилиб туриши ҳаромдир. Балки ўзини ҳимоя қилиши фарздир.

 Шунингдек, маҳрам аёлларига тажовуз қилганларга рашк қилмай, сабр этиб туриш ҳам ҳаром.

  1. Макруҳ.

 Шариат макруҳ санаган томондан етган озорга сабр қилиб туриш макруҳдир.

 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, сабрнинг ўлчови шариатга мувофиқ бўлиши керак.

 Сабрнинг даражалари:

– Авомнинг даражаси: Қалбни тоатларни қилишга ва гуноҳлардан қайтишга тутиб туриш.

– Хосларнинг даражаси: Нафсни риёзот ва мужаҳадотларда ушлаш, ҳолларнинг йўлида қийинчиликларга солиш ва пардани кўтаришга ҳаракат қилиш.

– Хосларнинг хосининг даражаси: Руҳни мушоҳада ва муояна ҳузурида тутиш.

 

“Руҳий тарбия” китобидан.