Эл-юрт хизматига камарбастамиз

1113

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Андижон вилояти вакили

Нуриддин Холиқназаров билан суҳбат

 

– Муҳтарам юртбошимиз “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда соҳа ходимлари олдида турган энг долзарб муаммолар ҳақида сўз юритди. Ушбу анжуман ҳақидаги таассуротларингиз, кун тартибидаги топшириқ ва кўрсатмалар юзасидан қандай ишлар амалга оширилгани ҳақида сўзлаб берсангиз.    

– Дарҳақиқат, шу йилнинг 15 июль санаси биз – уламолар, аҳли илмлар учун унутилмас кун бўлди. Чунки узоқ ва яқин тарихда давлат раҳбари мамлакатдаги дин арбобларини йиғиб юзма-юз учрашмаган. Анашу учрашув бизга насиб этганидан севинмай бўладими? Ўзбекистон деб аталмиш, улуғ ва мўътабар диёрда туғилганлигимизнинг ўзи энг катта бахт. Бу муқаддас Ватанда юрт корига ярайдиган, эл хизматида камарбаста дин пешвоси бўлиб, халқ хизматида туришимиз эса катта шараф ва масъулият эканини яна бир бор ҳис этдим.

Президентимизнинг бизга бўлган эътибори, билдирган ишончидан руҳланиб, берилган муҳим топшириқлар асосида имом-хатибларимиз қатор тизимли ишларни амалга оширдилар. Аввало, имом-хатибларимиз маълум худудларга қайтадан тақсимланди. Уларга ёшлар тарбияси, турли ёт ғояларга қарши кураш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳаллалар, хусусан, оилаларда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга доир кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастури доирасида вилоятимиз миқёсида 186 маротаба маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. “Инсон энг мукаррам зот”, “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун”, “Инсонийликни унутмайлик” каби мавзуларда оммавий ахборот воситалари орқали 500 дан ортиқ чиқишлар қилинди.

Инсон қадр-қиймати ҳар нарсадан устун. Шунинг учун одамлар билан яқинроқ бўлиш, уларнинг дардларини тинглаш, муаммоларини ҳал қилиш, маънавий кўмак бериш мақсадида вакиллигимизда ҳафтанинг ҳар сешанба кунини “Очиқ эшиклар куни” деб эълон қилганмиз.

– Бузғунчи ғояларга қарши курашиш, муқаддас динимизнинг софлиги тушунтириш юзасидан имом-хатибларнинг нима ишлар қилаётганига тўхталиб ўтсангиз.

– Адашиб турли гуруҳларга аъзо бўлиб қолганлар билан ўтказилаётган суҳбатлар фойдали бўлмоқда. Адашган оқимлар аъзоси тоифасига қараб қайта рўйхат қилинди ва уларга имомлар бириктириб чиқилди. Уларни соғлом хаётга қайтариш, давлатимиз сиёсатига ислоҳотларга нисбатан муносабатини аниқлаш, пушаймон бўлганларни рўйхатдан чиқариш мақадида профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ушбу суҳбатларнинг натижасида аксар ватандошларимиз адашганлар рўйхатидан чиқарилди. Улар билан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада битта хаётий мисол келтирсак, мақсадга мувофиқ булади. Хўжаобод туманидаги хонадонлардан бирига кирганимизда ёши улуғ отахон кўзларида ёш ила: “Пешонамда тамға билан ўтиб кетаманми? Аллоҳнинг ҳузурига борганимда нима деб жавоб бераман?” – деб қайғуда эдим, деб дил изҳор қилди. Рўйхатдан чиқарилгани учун миннатдорлигини айтиб, Президентимиз, халқимиз хаққига дуолар қилди.

  – Ўз жонига қасд қилиш-суюқасд деган гуноҳи кабиранинг олдини олиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

-Дунё яралибдики ҳеч бир нарса мукаммал, тўла-тўкис бўлмаган. Ҳамма нарса бут бўлса, инсон аллақачонлар Аллоҳ таолони унутиб қўйган, ўзини энг олий мақомларга олиб чиққан бўлар эди. Шунинг учун ҳар бир инсон Роббимиз берган ризқнинг, умр неъматининг қадрига етиб, манашундай тинч ва осойишта мамлакатда, фаровон юртда яшаётганига шукрлар қилмоғи лозим.

Очиқ эшиклар кунида қабулимизга бир киши келди. Кўп қийнчиликлар кўрган экан, саратонга ҳам чалиниб қолгани боис, хаётдан тўйганини, ҳеч нарса кўзига кўринмасдан ўзини-ўзи осиб қўймоқчи бўлганини айтди.

Биз унга хаёт улуғ неъмат экани, Аллоҳ берган инъомнинг қадрига етиш зарурлиги ҳақида гапирдик. Беморлигига сабр қилиши борасида бир қанча шаръий ва хаётий мисоллар асосида насиҳатлар қилдик. Суҳбатимиз сўнгида унга Замзам суви тортиқ этдик. Ўрнида қилинган насиҳат ва табаррук сувнинг фойдаси билинди. Меҳмонимиз дарров хаётга бошқача кўз билан қарай бошлади. Бу мудҳиш ишни асло қилмаслик кераклиги тўғрисида хулоса чиқариб олди.

-Оилаларнинг бузилиш сабабларини аниқлаш ва барбод бўлишининг олдини олиш, оилани мустаҳкамлаш борасида нима ишлар қилинаётгани ҳақида гапириб берсангиз?

-Афсуски, ёшларимиз орасида оила, никоҳдек муқаддас қадриятларга юзаки қарайдиганлар ҳам топилади. Арзимаган хаётий эҳтиёж ёки кичгина муаммолар сабабли оилалар бузилиб кетаётгани ачинарлидир.

Бир куни идорамизга ёш оила келди. Эр-хотин оилавий “камчиликлар” сабабли келишолмай қолишибди. Ажрашиш ниятида эр хотинини уйидан хайдаб юборибди. Аёлининг айтишича, тўкис хаёт кечирмаслик ва эрини кўп пул топмаслиги оиланинг бузилишига асосий омил эмиш. Хотин пул топиш учун эрини Чет давлатга боришини айтса, у бормас экан. Бу етишмовчиликларга сабаб экан.

Биз бу оиланинг ота-оналарини ҳам идорамизга чақириб, улар билан суҳбатлашдик. Оила вакиллари билан яраштириш ишларини олиб бордик. Оила муқаддас даргоҳ экани, арзимаган сабаблар билан унинг бузилишига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида суҳбат ўтказдик. Натижада оила вакиллари ўзларига тўғри хулосалар чиқариб, ризқни ёлғиз Аллоҳ беришини тушуниб етдилар.

Аввало, ота-она фарзандига тўғри тарбия бериб, ёшларни оила қуришга тайёрлаши керак. Шунингдек, ёшлар оила, ота-оналик масъулияти ва жавобгарлигини хис қилиши учун хаётий тажрибага эга бобо ва момоларнинг, олим ва олималарнинг олдига ёшларни олиб боришлари, улардан оила сабоқларини ўрганишлари зарур эканини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Баъзида бунга зид равишда ота-оналарнинг нотўғри харакатлари оқибатида ёш оилалар барбод бўлаётгани очиқ кўриниб турибди. Демак, баъзи қайнота ва қайноналарнинг ўзи тарбияга муҳтож экани ҳам ҳақиқат.

Домла, талабалик йилларингиз, устозларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

-1988 йил Мир Араб мадрасасида талаба эдим. Марҳум устоз Юсуфхон Шокиров ҳазратлари талабалар билан учрашувга келди. Юсуфхон домла мадраса мудири Мухторжон домла билан мен истиқомат қилаётган хонага киришди. Юсуфхон домла мудиримизга қараб, бу йигитчани танийсизми? Бу йигит “Шафоатҳожи домланинг набираси бўлади”, деди. Мудиримиз қўлларини кўксига қўйиб, кўзлари ёшланиб, мени бағрига босди. Икки устоз бобом ҳақидаги воқеъаларни гапириб беришди. “Мир Араб мадрасаси янги очилган пайт, унинг иқтисодий аҳволи танг эди”, деб гап бошлади Мухторжон домла. Мархум Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари мадрасадан хабар олиш мақсадида катта уламолар билан ташриф буюришди. Улар мударрислар билан мажлис ўтказиш учун йиғилдилар. Лекин нимагадир мажлис бошланмас эди. Мударрислар хайрон бўлишиб, “Ҳазрат, бирор кишини кутяпмизми?” дейишди. Ҳазрат: “Ҳа, Шафоатҳожи домла келишлари лозим. У киши келса, мажлисни бошлаймиз”, деди. “Биз ёш талаба эдик. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари кутаётган ким экан, деб таажжубландик”, дея гапни давом эттирди мудиримиз. Шу пайт узун бўйлик, хушрўй бир инсон кириб келди. Зиёвуддинхон ҳазратлари Шафоатҳожи домлага қараб: “Кеч қолдингиз, жаримасини тўлайсиз”, деб ҳазиллашди. Шафоатҳожи домла узр сўраб: “Жаримасини олиб келдим. Бу водийликлардан талабаларга ҳадя”, деб қўлларидаги халтани ўртага қўйди. Зиёвуддинхон ҳазратлари: “Нега Шафоатҳожиакани кутганимни тушунгандирсизлар”, деди. Мажлисдан мадрасанинг иқтисоди мақсад қилинган эди. Шафоатҳожи домла олиб келган маблағ мадрасанинг бир йиллик харажатларига етар эди.

Мухторжон домла бобомнинг мадраса фаолиятига қилган яхшиликларининг бирини гапириб берди. Юсуфхон домла ҳазратлари менга: “Сиз шундай инсоннинг авлодисиз, у кишига муносиб бўлин!” деб, насиҳат этиб, дуо қилдилар.

Мен бобомни гўдаклик чоғимда кўрганман. Салобатли қомати, нурли чеҳраси ёдимда. Онам доим: “Бобонгни йўлини берсин”, деб дуо қиларди. Мен: “Қандай қилиб йўлини беради”, десам, онам: “Бобонгни ибратли хаёти сенга йўл кўрсатувчи-да, болам”, деб қўяр эди. Мен Мухторжон домланинг ҳикоясини эшитиб, онамнинг дуолари асл маъносини тушундим.

[su_custom_gallery source=”media: 1760″ limit=”1″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]

Бобомиз Шафоатҳожи Холиқназаров 1890 йил туғилган. Ўн ёшида Қуръонни тўла ёд олиб, хофизи Қуръон бўлган. Ўша даврда чор хукуматининг таъқиби боис 11 ёшида отаси билан ватанни тарк этиб, Маккага ҳаж ибодатига борган. Бобокалонимиз ўша ерда вафот этган экан. Бобомиз эса ўша даврнинг етук уламоларидан сабоқ олиб, Маккада 10 йил қолиб кетади. Кейинчалик юртига қайтиб, ўлка уламолари орасида ўзига хос нуфузга эга бўлади. Умри давомида диний назоратнинг бош муҳтасиби, кейин эса Ўш шаҳридаги “Шайхтепа” масжидида имом-хатиблик қилади. Бундан ташқари, Ўш вилояти қозиси ва маълум вақт Қирғизистон қозиси лавозимларида ҳам ишлайди. Шафоатҳожи Фарғона водийсидаги бир неча масжидлар очилишига бош бўлиб, халқимизнинг диний эҳтиёжи йўлида катта хизматлар қилган.

Бахриддин Жўрабек ўғли суҳбатлашди.

манба: ҲИДОЯТ журнали 8-сони