Тўхтанг!!! Алданиб жон фидо қилгандан Аллоҳ йўлида яшамоқ афзалдур!

1062

Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган жиноий тўдалар ўта маккорлик билан баъзи иборалардан фойдаланиб ислом дини тўғрисида етарлик тушунчага эга бўлмаган инсонларни хусусан ёшларни алдаб, мусибат кўчаларига киргизишга уринмоқдалар. Бу уринишларни бузғунчилар асосан интернет тармоғидаги экстремистик рухдаги сайтлар орқали амалга оширмоқдалар. Аввало такидлаб ўтишимиз лозимки жирканч йўлга бошловчилар тўғридан-тўғри инсонларни жиноят қилишга чорлашгани йўқ, улар диний ибораларни бузиб талқин қилиб, нотўғри тушунча шаклланишига сабаб бўлмоқдалар.

   Азиз ҳамюртлар! Келинг бугун шу мавзуда фикр юритсак. “Ҳижрат”, “Жиҳод”, “Шаҳид” сўзларинг маънолари қандай?!

  “Ҳижрат”. Бу сўз араб тилидан олинган бўлиб луғавий маъноси “кўчиш, тарк этиш ” маъноларини англатади. Бузғунчилар бу сўзнинг биринчи маъносидан фойдаланиб ёшларни онгини заҳарлаб, яшаб турган мамлакатда ибодат қилишга умуман имкон бўлмаган жойдан кўчиш фарз деб, ношукурлик ҳиссини уйғотиб чалғитмоқдалар. Ваҳолангки юртимизда икки мингдан ошиқ масжидлар, 10та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб келмоқда, ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз “Умра” ва “Ҳаж” ибодатларини адо этиб келиш имконига эга бўлишмоқда. Сўзнинг иккинчи маъносига келсак Пайғамбаримиз С.А.В ҳадисларида “Муҳожир(ҳижрат қилувчи) деб Аллоҳ таоло қайтарган  нарсани тарк этган кишидур” деб айтганлар. Демак ҳозирда гунох ишларни тарк этиш ҳақиқий ҳижрат экан.

“Жиҳод” – Бу сўз араб тилидан олинган бўлиб, маънолари: ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бермоқ, бирор ишни бор имкониятини ишга солиб харакат қилиш маъноларини англатади. Ўзларини Ислом дини намоёндалари деб иддао қилаётган шахслар айтганларидек бу сўз уруш маъносини англатмайди, араб тилида уруш маъносини “қитол” сўзи ифода қилади. Жиҳод сўзининг луғавий ҳусусиятидан келиб чиқиб ўтган даврларда халқларни босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Пайғамбаримиз С.А.В “Жиҳоднинг энг афзали кишининг ўз нафсига қарши курашмоғидур,”– деганлар. Бор имкониятини ишга солиб илм-маърифат йўлида харакат қилмоқлик, ота-онани хизматини қилмоқ, фарзандларни чиройлик тарбияламоқ, оиласи, халқи, Ватани учун хизмат қилмоқ жиҳоддир.

“Шаҳид” – Бу сўз ҳам араб тилидан олинган бўлиб “Ҳозир, гувоҳ ва динини, оиласини, халқини, Ватанини мудофааси йўлида жонини фидо қилган одам” деган маъноларни англатади. Ҳозирги кунда террорчилар ўзини ўзи портлатиб юборишни шаҳидлик деб иддао қилмоқдалар. Ўзини портлатиш шаҳидлик эмас, балки динимизда қораланган, гуноҳ саналган ўз жонига ва ўзгаларнинг жонига қасд қилишдир. Пайғамбаримиз С.А.В “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта , жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”, – деганлар. Қуръони каримда “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир…” (Моида, 32) – дейилган. Аллоҳ томонидан берилган ҳаёт неъматига ношукурлик қилган ва ўзгани қонини ноҳақ тўккан кимсани шаҳид дейишимиз мумкинми?! Асло мумкин эмас!

Эътибор берадиган бўлсак дин ниқобидаги дин бузарлар ўзларинг ҳомийлари томонидан берилган маҳсус дастур асосида иш олиб бориб, ёшларимизни оқибати ҳалокат билан якун топадиган йўлга бошламоқдалар яъни:

  • ношукурлик ҳиссини уйғотиб ўз ватанидан кўчирмоқдалар
  • муқаддас жанг иддаоси билан чалғитмоқдалар
  • алдаб жонини қурбон қилиб, ҳалок бўлишга олиб бормоқдалар.

Билинг алданиб, адашиб жон фидо қилгандан Аллоҳ йўлида ҳаёт кечирмоқ афзалдур!

Андижон вилояти бош

имом-хатиби ўринбасари

Мирзомақсуд ҳожи Алимов