Истиқлол буюк неъмат, унинг қадрига етишлик, асраб авайлашлик ҳар бир қалбида имони бор инсоннинг муқаддас вазифаларидан ҳисобланади. Юртимизнинг тинчлиги ва барқарорлигига кўз тегмасин. Аллоҳ таъолога беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, бизнинг юртимизни тинч ва осоишта, осмонимизни эса сокин, мўътадил ва мусаффо қилиб қўйди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач ҳар бир соҳада туб ўзгаришлар, кенг ислохотлар амалга оширила бошланди. Диний ҳамда миллий қадриятлар тикланди. Соф Ислом динига бўлган муносабат, қарашлар ҳам асл холига қайтди. Халқимизнинг асрий орзуси бўлган диний эркинлиги ўз қўлига қайтарилди. Бу эса давлатмизнинг асосий қомуси бўлган конституциянинг 31-моддасида ҳам зарҳар харфлар билан битиб қўйилган. “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан диний арконларни мукаммал адо этиб келган эл ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиз аҳолиси динимизнинг энг катта байрамларидан ҳисобланган, диний ва миллий байрам сифатида ҳалқимиз онгу шуъурига сингиб кетган икки Ҳайит байрамларини жуда кенг миқёсида, ўзгача шодиёналик билан нишонлаши эса азал-азалдан ота-боболаримиздан қолган бой миллий ва диний меъросимиздан ҳисобланади. Бу борада эса Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам бизларга Исломнинг икки улуғ байрами хабарини берганлар: “Аллоҳ таоло Исломгача бўлган даврда нишонлайдиган байрамлар ўрнига афзалроқ бўлган Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамини ҳадя қилди”-деганлар (Абу Довуд ривояти).
Шу кунларда барча дунё мусулмонлари ана шу улуғ байрамлардан бири-Қурбон ҳайитини катта шукуҳ ва хурсандчилик ила нишонлаш остонасидан туридби.
Мустақиллигимизнинг илк йилларидаёқ икки улуғ барамимиз Рамазон ва Қурбон ҳайитларини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланишининг эълон этилгани ва ҳар йили Президентимизнинг махсус қарорлари билан Бу икки ҳайит кунларини халқимизга байрам куни деб белгиланаётгани туфайли бу тантаналар бизга янада ардоқли ва қадрли ҳисобланади. Хусусан жорий йилда ҳам 24-август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3241-сонли қарори эълон қилинди ва ушбу қарорда кўрсатилганидек Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 1-сентябрь жума кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2017 йилнинг 1-сентябрь куни мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлаши белгилаб қўйилди.
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдан иборатдир. Буни қандай амалга оширамиз? Ҳар бир инсонни у танишми ёки бегона бўлсин бир-бирларини ҳайит байрами билан самимий қутлайлик, бир-бирларини кўнглини олишга харакат қилайлик. Ҳайит намозидан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак, уларга қўлимиздан келганича ҳадялар улашсак ва албатта аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак динимиз кўрсатмаларини мукаммал адо этган инсонлар қаторида бўламиз. Ахир байрам-байрамдек бўлиши ҳам керакку!.
Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам “Бева ва мискинга ғамҳўрлик қилувчи – Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”-деганлар.
Қурбон ҳайити мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саҳоват кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрами. Ушбу байрамни шариат талабларига мувофиқ, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш мусулмонга ярашиқли амаллардан ҳисобланади.
Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиб, ёши улуғларни зиёрат қилиб, муҳтожларга эса меҳр-мурувват кўрсатиб, оилаларга хурсандчилик улашиб ва умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-қудратларни унутиб, кечиримли бўлишимиз лозим.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукурлар бўлсинки, бу йилги Қурбон ҳайити байрами жуда катта шукуҳли ва жуда ҳам кўтаринки руҳда, ўзгача кайфият ила ўтказилиши кўтилмоқда. Сабабики, бу йилги Қурбон ҳайити байрами Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик шодиёнасига тўғри келаётганлигининг ўзи ҳам барчамизнинг кўнгилларимизда шодлик устига яна шодлик, қувонч устига яна қувонч олиб келади десак асло муболаға бўлмайди. Чунки бизнинг юрт тинч ва осоишта, ушбу тинчлик ва осоишталигимизга кўз тегмасин. Манашундай тинч ва осоишта юртда қанча шодиёна, байрамлар қилса шунча ярашади.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик шодиёнаси ҳамда Муборак Қурбон ҳайити байрамлари барчаларимизга муборак бўлсин. Гўзал диёримизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин, кейинги Қурбон ҳайити кунларига сиҳат-саломатликда етиб боришимизни ҳаммамизга Аллоҳнинг ўзи насиб этсин. Хирмонларимизга барака берсин, иқболимизни баланд, толейимизни улуғ қилсин. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик, Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларида юксак муваффақиятлар ёр бўлсин, омин!
Андижон вилоятида Қурбон ҳайити намози 2017 йил 1-сентябрь жума куни соат 6-00 да ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Андижон вилояти вакиллиги масъул
ходими Нурилло Қодиров
28.08.2017 йил