Ҳаж ибодати сари…

1016

Истиқлол неъматини бизларга ато этган барча оламлар робби бўлган Аллоҳ таъолога беҳисоб ҳамдлар, ўзининг суюклик Пайғамбари бўлган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду-саловотлар бўлсинки, бизнинг юртимизни тинч, осмонимизни эса мусаффо қилиб қўйди. Бундай юртда эса ҳар қандай шодиёна яхшиликлар қилса ярашади. Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари ила бу йилги Ҳаж мавсумида юртимиздан Ҳаж зиёратиларига борувчилар учун жуда катта имкониятлар эшиги очилди. Ҳаж квоталар ошганлиги, кекса нуроний ва уруш қатнашчиларига қилинаётган кенг имкониятлар шулар жумласидандир. Куни кеча Андижон вилоятидан ҳам 1005 нафар зиёратчиларни Муқаддас Қаъба томон кузатган бўлдик.

Улар даставвал Наманган аэропортидан Саудия Арабистонининг Мадинаи-мунаввара шаҳрига бордилар. У муқаддас ерда эса 3 кун давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи-мутоҳҳараларида бўлиш насиб қилди ҳамда Қубо масжиди, Икки Қиблалик масжид, Уҳуд тоғлари каби Мадинаи-мунавваранинг муқаддас жойларини зиёрат қилган, дуо ва тасбеҳ ҳамда таҳлиллар айтган бўлдилар. Сўнг эса оппоқ эҳромларни боғлашиб, Маккаи Мукаррама томон йўл олдилар.

Маккаи Мукаррамада эса ҳожиларимиз Муборак Умра ибодатларини эмин эркин адо этишиб, юртимиз ва халқимизнинг фаровонлиги ҳамда тинчлиги йўлида дуоларда бўлдилар. Ҳозирда эса ҳожиларимиз Маккаи Мукаррамадаги “Аброжал Ҳидоя” номли барча қулайликларга эга бўлган меҳмонхонада истиқомат қилмоқдалар. Уларга ибодатларни тўлиқ, бенуқсон адо этишликлари учун ушбу меҳмонхонада барча қулайликлар барпо этилган. Беш вақт намозни Ҳарами шарифда адо этишлари учун эса замонавий автобуслар шай қилиб қўйилган. Шу кунларда барча юртдошларимиз Маккаи Мукаррама ва Ҳарами шарифда қилиниши зарур бўлган ибодатларга қоим бўлишиб турибдилар.

Эндиликда эса, ибодатларнинг энг улуғларидан бўлган Ҳаж ибодатига тайёргарлик ишлари ҳам ўзига хос аҳамият касб этади. Юртдошларимизнинг ҳаж ибодатларини бенуқсон адо этишлик борасида эса Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан барча шарт-шароит ва чора-тадбирлар кўрилган. Бу борада эса меҳмонхонадаги барча юртдошларимизга ишчи гуруҳ, гуруҳ раҳбарлари томонидан керакли кўрсатмалар мунтазам бериб борилмоқда. Жумладан 2017 йилнинг 26-август куни Андижон вилоятидан Муборак Ҳаж зиёратига кетган юртдошларимизнинг Ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этишлари, ибодатда хатоликларга йўл қўймасликлари, Ҳаж амалларининг барча қонун-қоидалари, ибодат вақтларида амал қилиниши зарур бўлган ишлар, кўрсатмалар юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин ҳожи Холиқназаров бошчилигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда сўз олган Н.Холиқназаров Андижонлик ҳожиларга ҳаж ибодати ҳақида батафсил тушунтирар экан, энг аввало юртимизнинг тинчлиги ва тотувлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлиги йўлида камарбаста бўлиб хизмат қилаётган юртбошимизнинг эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлидаги хизматларини таъкидлаган бўлдилар. Дарҳақиқат, қайсики юртда одилона, халқпарвар сиёсат олиб борилар экан, ўша юртнинг фуқаролари ўз юртбошидан рози бўлиб яшайди. Анашундай розилик ҳиссини бугун биз ҳар бир халқимизнинг кўзидан кўришимиз мумкин. Илоҳим тинчлигимизга кўз тегмасин. Йиғилиш сўнгида эса Андижонлик ҳожиларимиз Аллоҳ таолодан юртимизнинг тинчлигини бардавом қилишлигини, халқимизнинг ҳаётини янада фаровон бўлишлигини, Юртбошимизнинг манашундай масъулиятли шу билан бирга шарафли бўлган вазифаларида Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлишлиги Аллоҳ таолодан сўраб дуои-ҳайрларда бўлдилар.

[su_custom_gallery source=”media: 1648,1647,1646,1645,1644,1643,1642″ limit=”9″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]

Саудия Арабистони Макка шаҳри

Аброжал Ҳидоя меҳмонхонасидан

махсус репортаж

Қудратуллоҳ ҳожи Бегматов