Ҳар бир нарсанинг аҳамияти қиёслаш ва солиштириш билан кўзга яққол ташланади. Истиқлолгача қай ҳолатда эдигу, ҳозир нималарга эришдик, собиқ иттифоқ даврида яшаганда ким эдигу, ҳозир қай мақомда турибмиз. Мана шуларни бир-бирига таққослаш орқали истиқлолимизнинг чин, асл моҳиятини англаб етамиз. Бу нарса айниқса, мустақилликка эришганимиздан кейин миллий ва диний қадриятларимизни халқимизга қайтариш соҳасидаги салмоқли ишлар орқали янада равшанроқ намоён бўлади. Истиқлолдан олдин юртимиздаги масжидларнинг аҳволи ўта аянчли эди. Бутун Республикамизда бор-йўғи  тўқсонга яқин масжид бўлиб, уларнинг кўпи таъмирталаб, нураб-бузила бошлаган, таҳоратхоналари йўқ ҳисобида эди. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 2100 дан зиёд масжид мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти янгидан қурилди ва тўла таъмирдан чиқарилди. Буларнинг ҳаммаси мустақилликнинг кўзга кўринган самараларидир.

 2021–2025 йилларда вилоятимиздаги 40 та масжиднинг янгитдан қуриб фойдаланишга топширилгани,  50 дан зиёд масжидда эса йирик таъмирлаш ишлари олиб борилгани мамлакатимизда муборак динимизга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг исботидир. Мустақилликнинг дастлабки йилларида муборак ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлган ватандошларимиз сони бармоқ билан саноқли бўлган. Бугунги кунда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли уларнинг сони 15 000 нафардан ошди.  Жорий йилда фақат Андижон  вилоятининг ўзидан 1685 нафар фуқаро ҳаж амалларини бажариб келди.

  Жаҳон Ислом тамаддунига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд  тўйлари  кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилмоқда. Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Вилоятимизда ўнлаб янги масжидлар қурилди, мавжудларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Мисол учун, бир вақтлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турган Абу Муъин ан-Насафий зиёратгоҳини бугун бутун дунё сайёҳлари  катта завқ ва ҳайрат билан томоша қилмоқда. Мазкур мажмуада Абул Муин Насафий илмий меросига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияларда Туркия, Миср, Франция, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан юзлаб олим ва каломшунос мутахассислар иштирок этиб, юртимизда эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолади. Буларнинг ҳаммаси истиқлолимиз берган неъматлардир.

   Биз бугун мақоламизда  энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги  арафасида  Президентимиз фармонларига мувофиқ турли соҳа вакиллари  фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Шундай фидойи юртдошларимиз қаторида Муқаддас ислом динига садоқат билан хизмат қилаётган  уч нафар имом-хатиблар “Имом Бухорий” ордени билан мукофотлангани барча диний соҳа вакилларини бениҳоя хурсанд қилди.

   Мазкур мукофотланганлар қаторида Андижон вилояти Бош имом-хатиби  устозимиз Мирзамақсуд домла Алимов борлиги  барча Андижонликлар орасида хақиқий шодиёнага айланди. Айтиш жоизки, яқин ўтмишда имом-хатибларга бу даражада эҳтиром кўрсатилмаган.  Ушбу қувончли воқеа янги Ўзбекистонда ислом дини ва соҳа ходимларига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Бизга яратилган мана шундай диний эркинликлар ва қулайликлар Аллоҳ таолонинг жуда катта илоҳий неъмати эканини қалбимиздан англаб етайлик.

   Албатта, Юртимизда  бўлаётган бу юксалиш ва тараққиётларимиз Юртимизда  ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак. Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни яқинлашиб  келаётган  мустақиллик  байрами  билан  самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик, ҳамжиҳатликда ўтказишликни ва мустақиллигимиз абадий бўлишини сўраймиз.

Балиқчи тумани бош имом-хатиби:  Ж.  Эргашев