Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Муқаддас динимизнинг асосий таълимоти инсонларни тинчликка чақириш, кишиларни меҳр-мурувватли бўлишга, миллати, динидан қатъи назар, бир-бирларига иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлайди. Хидоят манбаи бўлмиш Қурьони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг! “(Бакара,208 оят.), деб марҳамат қилинган. Ушбу оятда барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги уқтирилади. Тинчлик – бу ислом динининг шиоридир. Шунинг учун ҳам барча мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яьни саломлашиш билан бошлайдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунё-даги барча неъматлар мужассам экан”, -деб марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти). Демак, инсонга икки хил моддий ва маънавий неъматлар Аллоҳ таоло томонидан берилган. Моддий неьматларни ҳамма билади, маьнавий неьматларга: иймон, ислом, ақл ва тинчлик… каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неьматларга қараганда қадрлироқ бўлган нарсалар мисол бўла олади. Кўпинча инсонлар неъматнинг қадрига у қўлдан кетгандан кейингина етадилар. Соғликнинг қадри беморликда, бойликнинг қадри фақирлик етганда, тинчликнинг қадри эса нотинчлик вақтида билинади. Буюк неьмат бўлмиш тинчлик ва ҳотиржамлик қарор топган юртда тараққиёт ва ривожланиш бўлади. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Аллоҳ таолонинг буюрган ишларини мукаммал адо этиш учун тинчлик ва осойишталик лозим. Бугунги кунда айрим юртлардаги нотинчликлар оқибатида кўпгина бегуноҳ одамлар азият чекмоқдалар ва минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлиб, фарзандлар ота-онасиз, аёллар эрсиз қолмоқдалар. Ислом дини асл моҳияти ила инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон киши иккинчи бир мусулмон биродарига тиғ кўтарса, то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча Аллоҳнинг фаришталари унга лаънат айтиб турурлар”-дейилган. (Муслим ривояти Яна бир ҳадисда: “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир”, -деб марҳамат қилинган. Демак ҳақиқий мусулмон бошқаларга тили ва қўли билан озор бермасагина ҳақиқий мўмин бўлар экан. Юртимиздаги ҳар бир фуқаро тинчликдек азиз неъматни кўз қорачиғидай асраши лозим. Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимиз тинчлигини барқарор айласин!
Исомиддин Шамсиддинов
Андижон шаҳар “Имом Аъзам роҳматуллоҳ алайҳ” масжиди имом-хатиби