18 ноябрь –Ўзбекистон Республикасининг “Давлат
байроғи тўғрисида”ги қонуни
қабул қилинган кун.
Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.
Тарихга назар ташласак, байроқдорлик масаласи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг эътибор қаратган ишларидан бири бўлган. Хусусан, Ислом дини учун олиб борган ғазотларида (курашларида) албатта байроқ билан чиқардилар ёки байроқдор тайинлаб қўшин жўнатардилар. Ушбу шарафли ишни бажаришни барча саҳобалар орзу қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи боғлаган байроқлари мелодий 623 йилнинг март ойига тўғри келувчи ҳижрийнинг 1-йили Рамазон ойида бўлган. Ул Зот Ҳамза ибн Абдулмутталиб бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл ибн Ҳишом бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар. Ҳамза розияллоҳу анҳу учун тикилган бу байроқнинг ранги оқ бўлиб, уни Абу Марсад Канноз ибн Ҳусойн ал-Ғанавий кўтариб олган эди. Бу тарихда “Сайфул-баҳр сарияси” деб аталган.
Румликларга қарши бўлган Мўъта ғазотида байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари тарбиялаган Зайд ибн Ҳорисага бердилар. Сон жиҳатдан тенгсиз бўлган бу жангда байроқни навбат билан тутган Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳалар шаҳид бўлдилар. Чунки, душман қўшини икки юз минг, мусулмонлар эса уч мингтагина эдилар. Аллоҳнинг қиличи лақабли Холид ибн Валид байроқни олгач, ҳарбий ҳийла ишлатиб қўшинни қутқариб қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳайбар куни Муҳаммад ибн Масламага: “Эртага байроқни шундай бир одамга тутқазаманки, у Аллоҳ ва Расулини жон-дилдан севади. Бундай одамни Аллоҳ ва Расули ҳам яхши кўради”, дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар ўша суюкли киши ўзлари бўлиб чиқишини орзу қила-қила уйқуга кетдилар. “Ўша кечаси байроқдорлик лавозимига эришишни орзу қилдим”, дея эслайди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. Тонг отганда Расулуллоҳ Али ибн Абу Толибни йўқладилар. Одамлар унинг кўзи оғриб ётганини айтишганда, барибир олиб келишни буюрдилар ва Али розияллоҳу анҳунинг кўзига дам уриб, туфлаб қўйдилар, беморнинг кўзи шу заҳоти дарддан фориғ бўлиб, чарақлаб очилиб кетди. Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга байроқни тутқазиб, қўшинни жангга бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроқдорликка энг ишончли ва шижоатли саҳобаларни қўярдилар ва улар ҳам У зотни ишончларини оқлардилар. Байроқдорлик энг шарафли вазифа эди, чунки қўшинни тақдири шунга боғлиқ эди.
Бугунги тараққиёт замонида ҳам байроқ ўз аҳамиятини йўқотмаган ва давлатларнинг асосий рамзларидан ҳисобланади. Шунингдек, халқаро мусобақаларда ва спорт беллашувларида, халқаро ташкилотларда байроқнинг ҳилпираши ўша давлатнинг обрў ва эътиборини белгилайди.
Бахтиёржон домла Қодиров
Шахрихон туман бош имом-хатиби
“Муҳаммад Розиқбой” масжиди имом хатиби