Бизларни яратган Раббимиз бешикдан то қабргача илм ўқишга, одоб-аҳлоқли бўлишга даъват қилган. Бу хақда кўп ва ҳўп оят-ҳадислар келган.
Дархақиқат, инсонни камоли ва саодатли ҳаёт кечирмоғи, икки оламда юксак мақомга эга бўлмоқлиги учун илм-фан зарур. Бусиз ҳеч қайси жамият ёки шахс тариққий топмаган. Бу хақиқатни бугун ёш авлоднинг онгига сингдириш муҳим масаладир. Фарзандингизни қайсики таълим даргоҳига юборар экансиз, хар бир босган қадами эвазига мақоми юксалиши, ўқиган, ўрганган илмига беҳисоб савоблар ёзилиб бораётганлигини англатиш зарур. Буни англаган бола онг-шуурида илмга ва устозга бўлган ўзгача меҳр уйғонади.
Эй ота-она! Қуйидаги муборак ҳадиси шарифни ёдлаб, уни хар куни фарзандларга эслатмоқдан эринманг.
وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ خَرَجَ فِي طَلَبِ العِلْمِ، فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ حَتَّى يَرْجِعَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талабида (кўчага) чиқса, токи қайтиб келгунча Аллоҳнинг йўлида яъни, тоатидадир”, дедилар.
Имом Термизий ривоят қилган.
Эй дилбандим, фарзандим! Сен уйдан ўқиш учун чиқар экансан, Аллоҳнинг йўлидасан. Унинг ибодатидасан. Буни зинҳор унутма! Аллоҳнинг йўлида юришлик бандага икки оламда шараф келтиргай. Сенинг бугун олган илминг эртага миллат ва жамият чироғи бўлгай.
Эй фарзанд! Илм нурдир. Бу нур сени ва миллатингни, ватанингни тараққиётини ягона мезонидир. Сен хар нафасингни, азиз умрингни ғанимат билиб икки олам азизлик шарафига эришиб ол!
Абдурахмон домла Артиқов
Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди имом-ҳатиби