Имом Ожурий раҳимаҳуллоҳ деди:
“Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, унга Карим Мавлосига дуо ва илтижо эшигини очиб қўяди. У инсон дини хусусида қайғурадиган, эътиборли, тилини сақлайдиган ва яшаётган замони ҳолатини англаган, шунингдек, динида бурилмасдан собит бўлиш учун очиқ баёни келган, ҳужжат далилга эга Саводи Аъзамни лозим тутган бўлади”. Яъни, буларнинг бари Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода этгани, фазли ила бўлади.
Изоҳ: “Саводи Аъзам» дейилганида, Пайғамбаримизнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум, тобеинлар ва табаа тобеинлар раҳматуллоҳи алайҳим ҳамда уларга эргашган уламолар ва мусулмонлар, бир сўз билан айтганда, аҳли сунна вал жамоа ақидасида бўлган барча мусулмонлар тушунилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар бериб, шундай деганлар:
إِنَّ بَنِى إِسْرَائِيلَ تَفَرَّقَتْ عَلَى ثِنْتَيْنِ وَسَبْعِينَ مِلَّةً وَتَفْتَرِقُ أُمَّتِى عَلَى ثَلاَثٍ وَسَبْعِينَ مِلَّةً كُلُّهُمْ فِى النَّارِ إِلاَّ مِلَّةً وَاحِدَةً قَالُوا وَمَنْ هِىَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ مَا أَنَا عَلَيْهِ وَأَصْحَابِى
(رَوَاهُ الامام التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Албатта Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар. Умматим етмиш уч фирқага бўлинади, фақат битта фирқадан бошқа барчаси дўзахда бўлади”, – дедилар. Шунда (саҳобалар): Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким? – дейишди. У Зот: “Менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта тоифа тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу тоифанинг қандай сифатда бўлиши ҳақида бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
إِنَّ أُمَّتِي لاَ تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلاَلَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الأَعْظَمِ
(رَوَاهُ الامام ابْنُ مَاجَةَ)
яъни: “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларингиз, “саводул аъзам”ни лозим тутинглар”, деяётганларини эшитдим” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
“Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоат” маъносини билдиради.
Ислом умматини ҳозирда ва ҳозирга қадар жамлаб келган катта жамоат – айнан Мотуридийлар ва Ашъарийлар ҳисобланишади. Бу Ислом тарихидан барча учун маълум бўлган ва инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир! Ушбу икки буюк уламо ақида бобида Расули акрам алайҳиссалом ва саҳобайи киромлар тутган йўлни кейинги умматга етказишган. Шунинг учун ҳам ҳақли равишда уларга нисбатан “Аҳли суннанинг имомлари”, дея эътироф этилган. Ақоид илмининг машҳур олимларидан бири Имом Ҳасан ибн Аби Азаба “Равзатул баҳийя” китобларида: “Аҳли сунна вал жамоанинг асоси икки йирик олимга бориб тақалади: бирлари – Имом Абул Ҳасан Ашъарий бўлса, иккинчилари – Имом Абу Мансур Мотуридийдирлар. Ушбу икки Имомдан қайси бирига эргашган киши борки, ақидасидаги фасоддан, адашишдан саломат бўлибди ва ҳидоят топибди”, – деганлар.
Шунинг учун ҳар хил фирқаларга алданиб қолмасдан ота боболаримиз эътиқод қилиб келган. Мотуридий ақидасини маҳкам ушлашимиз зарурдир. Аллоху Таъоло эътиқодда мустахкам амалларда собитқадам бўлишимизга ўзи мададкор бўлсин.
Олтинкўл тумани “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби
Анваржон домла Ибайдуллаев