Динимиз талабига кўра ота-оналар фарзандлар тарбиясига катта аҳамият беришлари, уларга фойдали илм ,ҳунар ўргатишлари, динимиз ҳукмлари асосида тарбиялаши, соғлом турмуш, яхши оила қуришида бош бўлишлари  зарурдир. Ўғил ва қизларга исломий илм ва яхши тарбия бермаслик бир қанча фожиаларга олиб келиши мумкин. Исломий тарбия фарзанднинг ҳар турли ёмонликлардан сақланишига сабаб бўлади. Ўғилми-қизми, солиҳ-солиҳа фарзандлар инсонлар қолдирадиган садақаи жория бўлади. Яхши фарзандлар тарбиялаган  ота –оналарга  ўз вафотларидан кейин ҳам яҳшилик, савоб етиб туради. Зеро, солиҳ-солиҳа фарзандлар уларни ҳайрли дуолар билан эслайдилар.

   Фарзандлардан бирини эркалаб ,бошқасига эътиборсизлик қилиш зулмдир. Барчасига бирдай меҳр-шафқат кўрсатилиши ва адолат билан муомала қилган, уларни бир хил кўзда кўрган ота-оналар нақадар яхши инсонлардир дейилган.

       Фарзандлар кўз ўнгида ёмон ишлар қилиш, беҳуда, беҳаё сўзлар айтиш ,маст қилувчи ичимликларни ичиш ва чекиш каби иллатлар уларни аҳлоқсизликка етаклайди. Болаларга меъёридан ортиқ, исён қилар даражада қаттиққўл бўлиб, тазийқ ўтказилса, улар маънан ожиз бўлиб қоладилар. Ўн ёшга тўлган ҳар бир фарзанд учун алоҳида хоналар тайёрлаш исломий одобдандир дейилган. Барчамиз фарзандларимизни  ҳам келгуси ҳаётга тайёрлашими, фойдали илм ва яхши тажриба ўргатишимиз лозим экан.

        Ҳазрати Али (р.а.) бу хусусда : “Фарзандларимизни келажакка муносиб этиб улғайтирайлик, зеро, улар бугунги замон учун эмас, келгуси ҳаёт учун яратилганлар” дея марҳамат қилган эканлар. Демак биз ота-оналар фарзандларимиз олдидаги вазифаларимизни адо этиб, уларни тўғри йўлда улғайтириб, керакли дунёвий ва диний билимларни олишига ёрдам берсак, улар ҳаёт синови ва машаққатларидан яхши ўтадилар экан. Аллоҳ таоло барчаларимизга фарзандларимизни жамиятимиз  учун муносиб фарзандлар этиб тарбиялашимизни насиб этсин.

 

Олтинкўл тумани Далварзин  жоме  масжиди  имом хатиби А.Қаноатов