Аллоҳ таолонинг энг маҳбуб бандаси, Пайғамбарларнинг гултожи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кўп табассум қиладиган инсон эдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилишни Аллоҳга ибодат қилиш даражасига олиб чиққанлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингнинг юзига табассум қилиб қарашинг ҳам садақадир”, деб айтганлар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
“Эй иймон келтирганлар! Руку ва сажда қилингиз ҳамда Роббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз. Шоядки, нажот топсангиз!” (“Ҳаж” сураси, 77-оят).
Мусулмон киши ушбу оят мазмунидан келиб чиқиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳ таоло томонидан улкан ажрлар берилишига ишонади. Шундай яхшиликлардан энг фойдалиси ва атрофдаги инсонларга тез таъсир кўрсатадиган амал – бу табассумдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларга доимо табассум билан қарар эдилар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилганларида муборак нурли тишлари кўринар эди.
Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бужалий розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачон мени кўриб қолсалар, албатта табассум қилар эдилар”, деб айтган. Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадяларидан доимо фархланиб юрар ва уни бошқаларга ҳам айтар эдилар. Жарир розияллоҳу анҳунинг наздида бу гўзал табассум эсда қоларли барча нарсадан қадрлироқ эди. Унинг юзига бир бора кулишлари руҳини яхшилик, меҳр ва садоқатга, қалбини эса бағрикенглик, раҳмат ва дўстликка тўлдирар эди.
Доктор Оиз Қарний: “Ғамларнинг кўплиги қовоқ солиш учун мантиқий сабаб эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида ғами энг кўп киши бўлишларига қарамай, инсонларнинг сертабассуми эдилар”, – деганлар.
Табассум инсон юзи учун ажойиб бадан тарбия ҳисобланади. У инсон жисмига ва ақлига фойда беради, қон босимини оширишдан ва юрак хасталикларидан ҳимоя қилади. Шундай экан, ҳар тонг уйқудан уйғонганингизда, ҳар бир қийинчилик тўсиқларидан ўтаётган пайтингизда доим самимий табассум қилинг. Сизнинг табассумингиз учун доимо етарли сабаб ва асос топилади.
Қуйидаги нарсалар энг чиройли ризқлардандир:
Онанинг дуоси, отанинг розилиги, аканинг борлиги, фарзанднинг кулгуси, дўстнинг эътибори, яхши кўрган одамингнинг дуоси.
Аллоҳим, бизнинг йўл қўйган нуқсонларимизни авф этгин ва савоб ишларни четлаб, ўзимизга бино қўйишдан асрагин!
Қалбларимизни бахилликдан халос этгин ва биздан Ўз марҳаматингни аямагин! Енгиллик ва мадад умидида дуо қилиб, Ўзингга қўл чўзаётган ака-ука, опа-сингилларимиз ва барча фуқароларимизни дуоларини ижобат қил. Роббим, бу вақтинчалик дунёда бир биримизга табассум билан, самимийят билан муомалада бўлишни барчаларисизга насиб қил…
Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби
Мухаммадкуддус Абдулманнон