Маьлумки, Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таьлимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан машғул бўлиш, ато этилган неьматлардан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солих амаллар хисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса ўз жонига қасд қилиш кабилар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таькидланади. Аллоҳ таоло Қурьони каримда инсоннинг шаьнини баён қилиб: “ Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма маҳлуқотдан афзал этдик” – деб марҳамат қилган.(Ал-Исро сураси, 70-оят) Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неьматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади.

   Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом дининин асослари бўлмиш Қурьони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эьтиқодига зарар етказиш қатьиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у  Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масьулиятдир, Инсон бу неьматни асраб авйлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс Ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.Қурьони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар” – дейилган.

    Пайғамбаримиз Мухаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш харом эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан бир ҳадиси шарифда: “ Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши ўша темир парчаси қорнига суқилган ҳолда қиёматда жаҳаннам ўтида абадий қолур. Кимки ўзини заҳар билан ўлдирса, у киши ўша заҳар билан қиёмат кунида дўзах азобида азобланур” деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”, деганлар. Яна бошқа ривоятда эса: “Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг хукми ҳам унинг хукми билан баробардир”, – деб мархамат қилганлар. ( Муттафақун алайҳ).

   Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “ Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни  абадий харом қилдим”.

            Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баьзи инсонларда сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаёт неьматига ношукрлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бундай мудҳиш ҳолатлар нафақат Ислом таьлимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазои қадарига ҳам туғён қилиш, унга қарши бориш демакдир. Айниқса сўнгги вақтларда масжид, метро, автобус, бозор каби одамлар гавжум бўладиган жойларда ўзини портлатувчи худкушлар томонидан мудҳиш қўпорувчилик ишлари содир этилмоқда. ИШИД каби бузғунчи ташкилотларга мансуб шахслар ана шундай қабоҳат ва разолатдан иборат жиноятларни ўзларича “шаҳидлик” деб даьво қилмоқда. Ҳолбуки ўз- ўзини ўлдириш – шаҳидлик эмас, балки фосиқликдир. Ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар гуноҳи азимга қўл уряптилар, чунки улар билан бирга қанчадан-қанча беайб кишилар ҳам ҳалок бўляптилар. Вахоланки Қурьони каримда: “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда ( бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган ( ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир…”, – дейилган ( Моида сураси 32- оят). Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар. Шунга кўра исломий манбаларда ўз-ўзини ўлдирган кишига масжид имоми жаноза намозини ўқиши дуруст эмас дейилган. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни динга “даьват” қилиб юрган, асл мақсадлари эса, терроризм ва ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса бўлмаган кимсаларни бутун жаҳон кўрмоқда. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эьлон қилиб, ўлсак шаҳид бўламиз деб айюҳаннос соладилар. Аслида эса бу Ислом динига мутлақо зиддир. Чунки шаҳидлик – Ислом динига кўра, Аллоҳнинг ризоси йўлида фидойилик қилган, имони, эьтиқодт, номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даража демакдир. Лекин ўзини ўзи портлатаётганлар ҳолати шаҳидлик эмас, балки ўз жонига ва ўзга бегуноҳларнинг жонига қасд қилишдир. Бундай шахс шаҳидлик мартабасига эмас, балки гуноҳкор дўзахий бандалар қаторига қўшилиши аниқ ва муқаррардир.Аллоҳ таоло халқимизни турли бузуқ оқимларнинг фитналаридан ўз паноҳида сақласин ва Юртимизда доимо тинчлик, хотиржамлик неьматини барқарор ва бардавом қилсин.

Далварзин жомеъ масжиди имом ноиби

А.Қаноатов.