Рамазон ойи кириб бутун дунё мусулмонларининг ҳар бир куни ва ҳар бир туни байрам кайфиятида ўтмоқда. Мўминларнинг юзларида сокинлик ва хотижамлик ҳукм суради. Хуфтон яқинлашган сари таровеҳ намозларига, хатмул Қуръонларга шунақанга байрамона кайфиятда ошиқадиларки, бундай соф кўтаринки кайфият бошқа миллат ва элатларда кўринмайди.
Бу ойнинг ҳар бир куни ва туни, соати ва дақиқаси ғанимат. Фазилатлари бисёр. Шулардан бири бу ойда, айниқса саҳарлик пайтида Аллоҳга илтижо қилиб, гуноҳларимизни кечиришини сўраб олишлик. Яна бири – ифторликда, дуо қигувчи банда билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги парди кўтарилиб, дуолар тўғридан-тўғри ижобат бўладиган пайтда ҳожатларимизни тилаб олишлик.
Айтибдиларки, дуо ёмонликларнинг даф бўлишига ва мақсаднинг ҳосил бўлишига сабаб бўладиган энг қувватли омилдир. Бироқ кўпинча дуонинг натижаси кўринмайди. Бунга сабаб дуонинг шартлари адо қилинмаганидадир. Хусусан, қалбдаги ишончнинг заиф бўлиши, ҳаром луқма, бировга зулм қилиш, қалбни гуноҳлар қоплаб, ғафлат эгаллаб олиши каби иллатлар дуо ижобат бўлишини тўсувчи сабаблардир.
Зеро дуонинг махражи – қалб. Дуо қалбдан чиқмас экан, ерга қадалмаган уруғ сингари кўтарилмай, тилнинг ўзидан сочилиб кетган қолади, холос. Ҳазрат пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Билингларки, Аллоҳ таоло ғофил қалб билан қилинган дуони қабул қилмайди” деганлар. (“Мавоҳиб”).
Яна айтибдиларки, қалбдан чиққан дуолар бесамар кетмас. Абу Саъийд ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, (Аллоҳ таоло) унга уч нарсадан бирини албатта беради. Ё сўраганини тезда беради. Ёки унинг учун охиратга олиб қўяди. Ёхуд унинг баробаридаги ёмонликни ундан дафъ қилади”, — дедилар.
Дуо ижобат бўлишининг яна бир шарти – луқма ҳалол бўлиши керак. Қолаверса, гуноҳлардан ҳам сақланиш, содир этилган гуноҳларни эслаб афсус ва надомат чеккан ҳолда сидқидилдан тавба қилиш, истиғфор айтиш керак.
Шунингдек қуйидаги амаллар адо қилинса дуонинг ижобат бўлиши яқин бўлади деганлар – қўлни юқори кўтариб дуо қилиш, дуо ижобат бўлиши учун хайр ва эҳсон қилиш, ҳамду сано ва салавотлар айтиш, таҳоратли ҳолатда, саҳар пайтида дуо қилиш, чин кўнгилдан ихлос билан, Худони кўриб тургандек ҳожатларини сўраш ва дуонинг ижобат бўлишидан ноумид бўлмаслик.
Яна билиб қўйиш керакки, дуо шунчаки тилни айлантириш билангина бўлмайди, қалбдан айтаётган сўзларини ҳис қилмоқ керак.
Абдураззоқ домла Фармонов
Асака туман бош имом хатиби