Андижон имомларининг Абу Муин Насафий зиёратгоҳига ташрифи бошланди

574

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё ва Бухоро вилоятларига ташрифлари мобайнида ўтказилган йиғилиш баёнининг 5-бандида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жорий йилнинг 1 ноябрь санасидан бошлаб Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар ва имом-ноибларнинг Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги Абу Муин Насафий мажмуасига зиёрат сафарлари бошланди.

     Бугун эрта тонгда 50 нафардан зиёд бўлган Андижон шаҳри, Жалақудуқ, Хўжаобод, Бўз, Асака, Пахтаобод тумани имом ва ноибларидан ташкил топган дастлабги гуруҳ, вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида мазкур зиёратгоҳга бордилар.

   Устозлар бошчилигидаги зиёратчилар Абу Муин Насафий қабрини зиёрат қилиб, дуои фотиҳалардан сўнг унинг ислом оламида тутган ўрни ва даражаси, қолдирган асарлари ва динимиз софлигини асраш йўлидаги улуғ хизматлари ҳақида кенг тушунчалар олдилар.  

    Шундан сўнг мажмуадаги тарихий жойлар билан танишдилар. 

    Жумладан, XI асрда қазилган қудуқ, қудуқ ёнидаги қадимий кириш дарвозахонаси, Абу Муин Насафий мақбараси ёнидаги “Духтархона” ва қадимий масжид ҳамда мажмуада ташкил этилган музей ва кутубхонада бўлиб, Абу Муин Насафийнинг қўлёзма асарлари ҳамда музейда сақланаётган Хитой ипак қоғозига битилган ноёб Қуръони карим қўлёзмаси билан яқиндан танишдилар.З

   Зиёрат асносида имом-хатиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ҳузуридаги Ақида илми мактабида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги матбуот хизмати.