“(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро сураси 31-оят);
1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”
Маълумки, 1 июнь куни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида нишонланади. Ушбу байрам кўпчилик давлатларда “Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни” сифатида ҳам эътироф этилади. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан Исломдир. “Бола ҳуқуқи” тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар. На юнон-рим цивилизациясида, на Ғарбда яқин-яқингача бола ҳуқуқлари ҳақида сўз ҳам бўлмаган.
Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир.
Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз зикр қилган фарзанд хуқуқларининг баъзиларини келтириб ўтамиз:
Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифаси. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон Зот эдилар. У Зот болалар ичида ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Ей Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган. Ойша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.
Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:«Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан бу-буни, бердим», деди.«Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у Зот. «Йўқ», деди. «Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар. «Ҳа», деди. «Ундоқ бўлса, йўқ!» дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган. Бешовлари ривоят қилган. Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду-ҳасад, фитна кучаяди. Агар шаръий узр ила сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ бошқасига озроқ мол берса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса шуни бажарадилар»,деган (6-оят). Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти Карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.
Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болани этти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга этганда ҳам ўқимаса, уринг», деганлар.
Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти Карима нозил бўлгандан сўнг:
«Эй Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар. Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади.
Мухамадали домла Ўсканов
Бўстон туман “Абдулазизхон” масжиди имом хатиби