Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиб, англашдан мақсад, Ислом таълимотини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларида амалда ўз аксини топганини тасаввур қилишдир. Демак, сийратни ўрганиш Ислом моҳиятини англаш учун амалий татбиқ баробарида экани маълум бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзларини ўрганиш орқали у зотнинг шахсиятларини англаш ва бунинг натижасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юксак фазилатлар соҳиби ва юртдошлари олдида катта обрў-эътибор қозонган баркамол инсонгина бўлиб қолмай, у зот энг аввало Аллоҳ таоло Ўз ваҳийси ва тавфиқи билан қувватлантирган “Расул” эканларини ҳам таъкидлашдир.
Бу ҳаётда ҳар бир инсон ўзи ардоқлайдиган, ҳурмат қиладиган, йўлидан юриб, этагини маҳкам тутадиган бир намунали йўлбошчига муҳтождир. Шубҳасиз, агар инсон ўзи учун олий намуна бўладиган йўлбошчини ҳаётнинг қайси томонидан қидирмасин, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиймоларида яққол намоён эканини топади. Зеро, Аллоҳ таоло у зотни бутун инсониятга намуна қилиб яратган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا
“(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир.”[1]
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганган инсон Аллоҳ таолонинг Китобини яхшироқ фаҳмлайди, унинг мақсадлари ва руҳини ҳис этади. Зеро, Қуръони каримнинг аксар оятларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирокидаги воқеа ва ҳодисалар тафсир қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш асносида мусулмон инсон ақоид, ҳукмлар ва ахлоқ-одобга доир саҳиҳ исломий билим-маърифатга эга бўлади. Чунки, у зотнинг ҳаётлари ислом асослари ва ҳукмлари мажмуасини ёритиб, гавдалантириб берувчи ойна кабидир.
Исломий муаллим ва мураббийнинг ҳузурида таълим-тарбия усулларининг йўриғи, андозаси бўлиши лозим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам холис муаллим ҳамда фозил мураббий бўлиб, ўз даъватларининг турли босқичларида таълим-тарбиянинг ана шундай фойдали ва самарали усулларини излаб топишда куч-ҳаракатларини аямаганлар.
Мазкур мақсадларни рўёбга оширишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг алоқаси у зотнинг ҳаётлари инсоний ҳамда ижтимоий жабҳаларнинг барчасини қамраганлигида кўринади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар жабҳада етук намунадир. Зотан, у зот атрофдагилари ва дўстларининг ишончини қозонган, ўз йўлини тўғри танлаган инсон, Аллоҳ таолонинг рисолатини етказишда бор кучини аямайдиган, инсонларни Аллоҳ таолонинг динига чиройли мавъиза ва донишмандлик билан чақирувчи даъватчи ҳамда аҳли оиласига чиройли муомалада бўлувчи эр, фарзандларининг ҳақларини ўз ўрнига қўйган меҳридарё ота, ҳам ҳарбий ҳам сиёсий моҳир қўмондон, Парвардигорига гўзал ва чин ибодат қилувчи мусулмон эдилар.
Аён бўлмоқдаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари инсон ҳаётининг энг гўзал ва олий намунасидир.1 Замонамизнинг яхшиларидан бири: «Агар Муҳаммад алайҳиссалом бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу қуёшнинг нури етмасди», деган эди. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг нурлари зим-зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир.
У зотга Аллоҳдан беадад салавот ва саломлар йўллаймиз. Дийдорларини кўришга муштоқмиз. Ҳатто муборак равзалари сари талпинамиз. Узотни бизга соғинтирган, нурлари ила қалбларимизни нурлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз.
Манбалар асосида:
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус
ислом билим юрти 4-курс талабаси
Жавохирбек ИСОМИДДИНОВ
[1] Аҳзоб сураси 21-оят
1 Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Фиқҳ ас-Сийра ан-Набавийя. Дамашқ. “Дорул фикр” 1996.