Ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг ўтган яқинлари қабрини зиёрат қилиб, савоб топишни умид қилади. Зеро, қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амаллардан ҳисоблананди. Исломнинг илк даврида қабристонга боғлиқ хунук одатларни кетказмоқ учун қабрларни зиёрат қилиш тақиқланган эди. Саҳобаи киромларнинг эътиқодлари мустаҳкам ҳолга келгач, қабрларни зиёрат қилишга рухсат берилди.
Қабрларни зиёрат қилиш қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади. Шунинг учун ҳар замонда қабрларни зиёрат қилиб туриш, ўлгандан кейин қабрда кечадиган ҳолларни ўйлаб, ҳаётни яхши изга солишга, савобли, хайрли ишлар қилишга шошилиш зарур эканлигига ундайди. Зиёрат ўлимни эслатади, дунё муҳаббатини дилдан кетказади, беҳуда мақтаниш ва ғурурланишни тарк этишга сабаб бўлади. Ўликлар тирикларнинг дуоларидан, садақа ва эҳсонларидан фойда олади. Шу сабабдан қабристондаги ўликлар ҳаққига дуолар қилмоқ лозимдир. Қабристонда ётганларнинг эртанги қўшниларимиз, деб билмоқ ва қабристонни фақат кундузи эмас, балки кечаси ҳам зиёрат қилиш мумкин экан.
Аммо қабр зиёратининг ҳам қоидаси, одоб ва усулларини ўрганиб, билиб зиёрат қилса кўп савобларга эга бўлинар экан. Шунинг учун ушбу мақолада қабристонни зиёрат қилиш тартиб-қодилари ва одоблари ҳақида эслатишни лозим топдик.
Зиёрат одоблари:
- Аввало ниятни тўғриламоқ, холис Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ;
- Таҳоратли бўлмоқ;
- Бир оз муддатга дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ;
- Қабр аҳлига салом бермоқ;
- Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма-юз ўтирмоқ;
- Қабрни сийпаш,ушлаш,ўпишдан ва айланиб тавоф қилишдан қаттиқ сақланмоқ;
- Қабр бошида “Ёсин” сурасини ёки ўзи билган бошқа сура ва оятларни ўқимоқ;
- Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабрни босиш маййитнинг қорнини босиш кабидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтиш лозим бўлса, тасбих таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтса бўлади, дейилади.
- Ўтганларнинг яхши сифатларини эслаш суннатдир;
10.Зиёратдан беҳад сокин, вазмин, ўйчан ҳолатда қайтиш лозим бўлади экан.
Ҳар бир мусулмон қабристонларнинг ободончилиги ва озодалигига маъсулдирлар. Қабристон ичида қўйлар ва молларни ўтлатиб юриш макруҳдир, дейилган. Чунки ҳайвонлар қабрларни бузиб, оёқ ости қилади. Иккинчидан қабр азоби ҳақдир. Қабрда азобланаётган баъзи кишиларнинг овозларини, инсу-жиндан бошқалар – фаришталар ва ҳайвонот олами эшитади, дейдилар. Улар бу овозларни эшитиб, семириш ўрнига озиб-тўзиб кетади, деб фикҳий китобларда билдирилган. Қабристондаги қуриган, қовжираган ўт-ўланларни ўриб, уларни ўта муҳтож, мискин, ғариб кишиларга бериш ёки сотиб, пулини қабристон эҳтиёжларига сарфлаш мумкин. Бу ишларни қабристон хизматчиси назорат қилади. Уларни сотиб олган киши ишлатавериши мумкин экан.
Зиёратга ҳамиша борса бўлаверади, аммо қабристонга зиёрат учун пайшанба ва жума кунлари бормоқ аълороқдир, дейилган.
Қабристонда емоқ-ичмоқ макруҳ, ўйин-кулгу қилмоқ, беҳуда сўзлар сўзламоқ мумкин эмас. Албатта, зиёрат одобларига риоя қилиб, ўтган яқинларимизни эслаб, уларни ҳақларига дуода бўлиш ҳаётимизга мазмун бағишлайди. Аллоҳ бизларни ўтганларимизни эслаб, уларни ҳақларига ҳамиша дуода бўлиб яшашликни барчаларимизга насиб айласин.
Искандар дола Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жомеъ масжиди имом-хатиби.