Бугунги кунда жуда кўплаб ишларимиз интерент орқали амалга оширилмоқда. Интерент шу даражада оммалашдики, ҳатто усиз ҳаётни тасаввур қилишнинг ўзи қийин бўлиб қолди. Интернет орқали мол оляпмиз, мол сотяпмиз, эълон беряпмиз, иш қидиряпмиз, иш беряпмиз, маълумот беряпмиз, маълумот оляпмиз, кузатяпмиз, назорат қиляпмиз, яқинларимиз билан масофадан туриб мулоқот қиляпмиз ва ҳоказо кўп ишларимиз интернет орқали битяпти.
Биз хозир мавзудан («Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга доир шаръий ҳукмлар» мавзусидан) келиб чиқиб, интернет орқали юборилган талоқ хабарига доир шаръий ҳукмлар ҳақида баҳс қиламиз.
Бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ ҳанафий мазҳабимизда эр ўз хотинига талоқхати ёзса ниятига қаралмайди, балки қазоан талоқ воқе бўлган деб ҳукм қилинади. Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Мухтасару ихтилаф ал-улама” асарида мавзумизга доир масалани 592 рақам билан қайдлаб шундай ёзади:
قال اصحابنا: إذا كتب الأخرس لإمرأته فى كتاب بطلاقها و قامت البينة فرق بينهما فى القضاء، و إن لم ينو الطلاق وسعه ان يقيم عليها فيما بينه و بين الله تعالى. و إن كتب فى الأرض لم يجز ذلك عليه إلا ان ينوى الطلاق
Ҳанафий асҳобларимиз: “Соқов ўз хотинига унинг талоғини мактубда ёзса ва бунга гувоҳлар ҳам бўлса, шариат ҳукми билан унинг хотини билан ораси ажратиб юборилади. Агар мабодо талоқни ният қилмаган бўлса, бу ҳолатда ўзи ва Аллоҳ орасида талоқ воқе бўлмаган деб айтиш мумкин холос. Агар ерга ёзса бу билан талоқ тушмайди, лекин ният қилган бўлса тушади”, деганлар. (Мухтасару ихтилаф ал-улама. 2- Ж. 442 –Б).
Ҳанафий мазҳабимизнинг йирик олимларидан имом Шамсуддин Сарахсий раҳимаҳуллоҳ“Мабсут”да масалани шундай изоҳлаган:
و الأصل ان البيان بالكتابة بمنزلة البيان باللسان لان المكتوب حروف منظومة تدل على معنى مفهوم كالكلام الا ترى ان النبى صلى الله عليه و سلم كان مأمورا بتبليغ الرسالة و قد بلغ تارة بالكتاب و تارة باللسان
Аслида ёзма баён оғзаки баён билан бир хил ўриндадир. Чунки ёзилган мактуб худди гапирилган гап каби маъно англатувчи ҳарфлар тизмасидан иборат бўлади. Биласизми, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу умматга рисолатни етказишга буюрилган эдилар. Ул зот шу шарафли вазифани гоҳо ёзма равишда бажарсалар гоҳо тил билан оғзаки баён тарзида етказар эдилар. (Мабсут. 6 – Ж. 143 — Б).
Аслида эркак кишининг ёзган талоқ хати уч хил кўринишда бўлиши мумкин:
- Талоқхатни умуман кўринмайдиган, ноаниқ тарзда ёзиши мумкин. Масалан ҳавога ёки сувга, ёки қопқора тошга қора рангда ёзади. Бу хатларни ўқиб ҳам бўлмайди, кўриб ҳам бўлмайди. Бу тарзда ёзилган талоқ хати билан талоқ воқе бўлмайди. Хоҳ ният қилсин ё қилмасин, барибир. Чунки бунақанги ёзувлар худди ҳарфларсиз чиқарилган товушга ўхшайди. Агар бу билан талоқ воқе бўлганида, қуп-қуруқ ниятнинг ўзи билан ҳам талоқ воқе бўлиши керак эди ва ҳолбуки ниятнинг ўзгинаси билан талоқ воқе бўлмайдику…
- Талоқхатни аниқ кўриниб турадиган тарзда ёзадию, лекин юбориладиган мактублар расмида бўлмайди. Бу ҳолатда ниятга қаралади. Чунки бунга ўхшаш хат билан гоҳида орага талоқ воқе қилишни ният қилиши мумкин, гоҳида эса шунчаки хат ёзиш тажрибаси, ёки қалам ё рангни синаш учун бўлиши ҳам мумкин. Худди талоққа ўхшаш (талоқда сариҳ бўлмаган) сўзларда ниятга қаралгани каби бунақанги ёзувларда ҳам ниятга қаралади. Агар хат ёзган одам соғлом бўлса нияти тил билан тасдиқланади. Мабодо соқов бўлса ёзма равишда тасдиқлайди.
- Худди мактуб расмида ёзилган талоқхат. Бу билан шариат ҳукми буйича талоқ воқе бўлади. Агар “бу хатни тажриба учун ёзганман” деганга ўхшаш гаплар билан талоқ ният қилмаганини айтса, диёнатан эътиборга олинадию, аммо қазоан эътиборга олинмайди. Чунки бу гапи очиқ-ойдин кўриниб турган ҳолатга зиддир. Бу худди “сени талоқ қилдим, деб орқасидан “арқон тугунини талоғини яъни, ечишни” ният қилгандим” деб баҳона қилгандек бўлади. (Мабсут. 6 – Ж. 143 — Б).
Кейин ёзилган хатга қаралади. Агар “Сен талоқсан”, “сени талоқ қилдим” каби тарзда ёзилган бўлса, хат хотинига етиб борадими ёки йўқ барибир хат ёзилган фурсатдан талоқ воқе бўлади. Агар “шу хатим сенга етиб боргач талоқсан” деганга ўхшаш тарзда ёзилган бўлса, хат хотинга етиб борганда талоқ тушади. Мабодо етиб бормаса тушмайди. (Мабсут. 6 – Ж. 143 — Б).
Ҳанафийлардан бошқа мазҳаб уламоларининг мавзуга доир қарашлари ниятдан келиб чиқиб бироз фарқ қилади. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деган:
و قال مالك و الليث: إذا كتب الى إمرأته بطلاقها أنه إن نوى الطلاق وقع و إن كتب و هو غير عازم على الطلاق و إنما كتب لينظر و يستشير لم يقع.
و قال الأوزعى و الحسن إبن حى: إذا كتب طلاق إمرأته وقع
Имом Молик ва Лайс ибн Саъд раҳимаҳумаллоҳ: “Хотинига талоқ хати ёзса ва бу билан талоқни ният қилса талоқ воқе бўлади. Агар ажрашишни ният қилмасдан, кимгадир шу хатни кўрсатиш ё шу мавзуда фикрлашиш мақсадида ёзса талоқ тушмайди”, деганлар.
Имом Авзаъий ва Ҳасан ибн Ҳай раҳимаҳумаллоҳ икковлари эса: “хотинининг талоғини хатга ёзса талоқ воқе бўлади”, деган. (Мухтасару ихтилаф ал-улама. 2- Ж. 442 –Б).
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ҳам худди имом Молик ибн Анас каби: “Ният билан ёзган бўлса талоқ тушади, ният қилмаган бўлса тушмайди”, деган. (Ал-Музаний 193 – Б).
Юқоридаги манбаларда айтилган сўзларни таҳлил қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали юборилган талоқ хабарлари ҳақида, ҳанафий мазҳабимизга кўра қуйидагича хулоса бериш мумкин:
- Эркак ўз хотинига интернет орқали, ё мобил телефон орқали СМС тарзида “сен талоқсан”, “сени талоқ қилдим” каби хабар ёзса уни ҳали хотинига жўнатмасидан олдин, ёзилган заҳоти орага талоқ воқе бўлади. Унинг бу хати худди оғзаки тарзда “сен талоқсан”, “сени талоқ қилдим” деб айтган гаплари билан бир хил ҳукмда бўлади. Бу сўзларни хотини эшитса ҳам, эшитмаса ҳам талоқ воқе бўлгани каби, юқоридаги хабарни интерент орқали хотинига жўнатса ҳам, жўнатмаса ҳам орага талоқ воқе бўлади.
- Эркак қасддан хотинига “сен талоқсан”, “сени талоқ қилдим” каби очиқ маънода хат ё СМС ёзди. Лекин уни жўнатмасдан ўчириб юборди. Бу вазиятда ҳам орага талоқ воқе бўлади. Чунки ёзма баён худди оғзаки баён билан бир хил. Хотинга талоқни айтиб, орқасидан сўзимдан қайтдим деганда бу қайтиши эътиборга олинмагани каби, ёзган хатини ўчириб ташлаши ҳам эътиборга олинмайди ва орага талоқ тушади
- Агар “шу хабарни олган чоғинг талоқсан”, “шу хабарни ўқиган чоғинг талоқсан” деганга ўхшаш шартли тарзда талоқхат ёзиб, кейин фикридан қайтиб уни жўнатмаса, орага талоқ тушмайди. Чунки шартда айтилган хабар хотинга етиб бормади.
- Телефон ё компютерида хаттотлик тажрибаси учун, одатда хабар жўнатиладиган воситаларидан бошқа иловаларда масалан, фотошоп ё шу каби иловаларда “сен талоқсан”, “сени талоқ қилдим”каби хатлар ёзса, бу ҳолатда эрнинг ниятига қаралади. Агар ажрашиш ниятида шу сўзни ёзган бўлса орага талоқ тушади. Шунчаки тажриба учун ёзган бўлса тушмайди.
Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ,
Андижон шаҳри “Ғиштли”
жоме масжиди ииом-хатиби.