Ижтимоий тармоқ воситасида келин ва куёв масофадан туриб никоҳланиш жоизми? Тармоқда бир-бири билан танишган ёшларни ўйлантирган саволлардан бири шу. Кимлардир буни хоҳлайди. Чунки орадаги масофа йироқлиги туфайли бир-бирлари билан учрашиш имкони йўқ. Улар ҳеч бўлмаганда интернет воситасида бўлсада, никоҳланиб ижтимоий тармоқларда бемалол хоҳлаган мавзуларида истагандай суҳбат қуришни исташади. Шу ишни қилганлари ҳам йўқ эмас. Аслидачи, бу никоҳ дурустми? Келинг, шу мавзуни ўрганиб чиқамиз:
Хозирги замон фуқаҳоларининг аксари интернет воситасида масофадан туриб никоҳ ўқиш жоиз эмас, деб фатво берадилар. Нима учун?
Биринчидан, барчамизга маълумки никоҳда ийжоб ва қабул (“ўзимни бағишладим” ва “жуфти ҳалолаликка қабул қилдим” деб айтилган) лафзлар шарт ҳисобланади. Яъни шу гапларни келин ва куёв ёки уларнинг вакиллари онгли равишда ўз ихтиёрлари билан талаффуз қилишлари шарт. Худди шу ийжоб ва қабул лафзи бир мажлисда (битта жойда) айтилиши шарт қилиб белгиланган.
Ҳанафий мазҳабимизда мўътабар манбалардан “Бадоеъ ус-саноеъ”да қуйидаги ибора бор:
وأما الذي يرجع إلى مكان العقد : فهو اتحاد المجلس إذا كان العاقدان حاضرين وهو أن يكون الايجاب والقبول في مجلس واحد ، حتى لو اختلف المجلس لا ينعقد النكاح
“Никоҳнинг маконга алоқадор шартларидан бири келин ва куёв иккови битта жойда хозир бўлишлари. Яъни бу, икковларидан айтилаётган ийжоб ва қабул лафзлари битта жойда айтилган бўлиши шарт. Агар мажлис икки хил бўлса никоҳ боғланмайди”[1].
Ҳанбалий мазҳаби олимларидан Шайҳ Мансур ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Кашшоф ал-қиноъ” асарида бундай дейди:
وإن تراخى القبول عن الإيجاب صح ما داما في المجلس ولم يتشاغلا بما يقطعه عرفا
“Агар ийжоб қабулдан кеч қолиб кетса никоҳ жоиз бўлаверади, шарти шуки икковлари битта жойда ўтирган бўлишлари керак, шунингдек, биринчисининг ийжобидан кейин иккинчиси қабул қилгунича орада урфан мавзуни ўзгартирадиган бошқа иш билан машғул бўлмаган бўлишлари керак”[2].
Бунга кўра замонавий техник воситалар билан масофадан туриб никоҳланиш жоиз эмас. Чунки бу тарзда ўқилган никоҳда келин ва куёв ҳақиқий маънода битта жойда хозир бўлишмайди. Бу эса никоҳнинг жавозини ман этади.
Иккинчидан, никоҳда гувоҳлар шарт. Бу барча фиқҳий мазҳаблари иттифоқи ила. Хусусан бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ҳам икки эркак ёки бир эркак ва икки аёлнинг никоҳда гувоҳ сифатида иштирок этиши шарт. Масофадан туриб ўқилган никоҳда эса куёв олдида турган гувоҳлар куёвнинг “қабул қилдим” деган сўзини эшитиб гувоҳ бўлган тақдирда ҳам, келиннинг “бағишладим” деб айтган сўзини айнан унинг ўзидан, унинг олдида туриб эшитмаган, гувоҳ бўлмаган ҳисобланади. Шунингдек, келиннинг гувоҳлари ҳам келиндан айтилган “бағишладим” деган сўзни эшитиб гувоҳ бўлишлари мумкин, лекин куёвнинг “қабул қилдим” деган сўзига том маънода гувоҳ бўлишмайди. Телефон ва ё интерент орқали уларнинг ҳақиқий овозларини эшитмайди. Балки овозларини акс эттирувчи бошқа товушни эшитади.
Учинчидан никоҳ муқаддас ришта. Аллоҳ таолонинг амри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг суннати ҳисобланади. Унинг салафи саолиҳлар давридан анъанавий келаётган тартиби шакли бор. Интерент орқали масофадан туриб никоҳ ўқишни жорий қилиш билан никоҳнинг муқаддаслиги, азаматига футур етади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Ислом фиқҳи академиясининг 1990 йили 14-20 март кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган 4-йиғилишида(конференсиясида) қуйидагича қарор қилинган:
“Интернет воситасида никоҳ ақдини боғлашда никоҳланувчилар ва гувоҳлар бир жойда бўлмаганлари учун никоҳ дуруст эмас. Алоқа воситалари орқали бўладиган никоҳда алдов ва сохтакорлик эҳтимоли юқори”. Қарор рақами 52.
Шунингдек, Мисрдаги ал-Азҳар уламоларидан профессор, Қоҳирадаги Ислом ишлари бўйича олий мажлис аъзоси Абду Азим Матъаний интернет воситасида қилинган никоҳ ҳақидаги саволга: “интернет тармоқлари орқали амалга ошириладиган никоҳ ақдларини дуруст эмас, чунки никоҳ ақди никоҳ мажлисида боғланиши лозим. Чунки ушбу ҳолатда никоҳдан кўзланган шаръий мақсадлар ҳосил бўлмайди. Никоҳдаги ҳеч бир томон ҳақ-ҳуқуларга эга бўлиши аниқ эмас. Бундай ҳолатларда, шубҳа-гумонли ҳолатлар ва сохтакорликларнинг рўй бериш эҳтимоли юқори. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло никоҳни ояти каримада “ميثاقا غليظا” (мустаҳкам аҳду паймон) деб номлаган” – деб жавоб берган.
Хулоса қилиб айтганда ижтимоий тармоқда интернет воситасида, ёки телефон орқали амалга оширилган никоҳ шаръан эътиборга олинмайди. У билан келин ва куёв бир-бирларига ҳалол бўлишмайди.
Ботиржон ТОЖИБОЕВ,
Андижон шаҳри “Ғиштли”
жоме масжиди имом-хатиби
[1] Бадойе. 3 –Ж. 325 – Б.
[2] “Кашшоф ал-қиноъ” 5 – Ж. 41 – Б.