Йигирма биринчи асрда кишилик жамияти тараққиётининг жуда кўп эшиклари очилди. Шу билан бирга турли мафкуравий курашлар, ахборот оқимининг суръати ва кўлами ошди, хар хил ёвуз кучлар, айниқса, миллат ва жамиятни бўлиб ташлашга, давлат тўнтариши қилишга қаратилган ҳаракатлар янгича тус, шаклу шамойил олиб кучайиб бораётгани сир эмас.
Халқаро террорчилик ҳаракати жахон ҳамжамиятининг диққат-эътиборидаги муҳим масалалардан биридир. Зеро, бу иллатга барҳам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади.
Муқаддас динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг хар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенгликни ва тинчликни мустахкамлашга чақирилади. Қуръони Каримнинг “Бақара”сурасида Аллох таоло бандаларига шундай хитоб қилади:
Яъни: “Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир”.
Бандаларнинг бир-бирига босим ўтказишлари, зулм-зўравонлик кўрсатиш, ер юзида бузғунчилик қилишлари ҳам динимизда қаттиқ тақиқланади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай мархамат қилинади:
Яъни: “Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (Жаханнам) бордир.” (Раъд.25)
Афсуски, хозирги кунимизда Аллоҳ таолонинг ўз бандаларини фақат тинчлик, осойишталик ўрнатишга, бағоят эзгу ва хайрли ишлар қилишга ундовчи бундай даъватларини унутган қабиҳ ниятли ёвуз кимсалар кўпайиб кетди. Афсусланадиган жихати шундаки, бундай шахслар ўзларини бузғунчиликларини Ислом дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай ҳатти-ҳаракатлар ҳақ дин – Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.
Тинчлик, офият, эзгулик дини бўлган Ислом дини ҳаётбахш амр ва насиҳатлардан иборатдир. Ислом дини ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли бузғунчилик оқимлар даъволари мазмунан ва моҳиятан муқаддас динимиз таълимотига мутлақо зиддир.
Халифалик давлатини тузиш даъвоси билан чиқиб, бу йўлда бегуноҳ инсонлар қонини тўкаётган, юртимиз тинчлигига, халқимиз хотиржамлигига раҳна солишга уринаётган террорчи бузғунчи оқимлар аввал ҳам ўз ғаразли мақсадларини амалга оширишга бир неча бор уриниб келдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ғазабига, соғлом фикрли инсонланринг қаҳрига, нафратига учраб йўқликка юз тутдилар.
Мусаффо, бағрикенг ва инсонпарвар Ислом динимизнинг фақат эзгуликлардан иборат, инсонларни яхши амаллар қилишга чорловчи, ҳаётбахш амр ва насиҳатларини қалбларимизга мустаҳкам жо этиб, саъй-ҳаракатлар қилсак, оқил ва одил юртбошимизни даъватларига “лаббай” деб жавоб берсак, фаолияти алдов ва ёлғондан, зулм ва қўпорувчиликдан иборат қабиҳ ниятли террорчилар ўзлариниг ёвуз мақсадларига асло эришолмайдилар.
Шахобиддин домла Парпиев,
Асака туман бош имом-хатиби.