Фарзанд тарбиялаш

555

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ * أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

Яъни: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир. (Шўро. 49-50)

Демак, фарзанд Аллоҳ таоло томнидан бериладиган неъмат экан, бу неъмат учун шукрона қилиш вожиб бўлади. Шукрона ўша фарзандни исломий одоб ва ахлоқ билан тарбиялашдир.

Ислом дини таълимотида қиз бола тарбиясига катта эътибор қаратилган. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида қуйидаги ҳадисни нақл этган. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб, катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир”, дедилар.

Шунда бир киши:

“Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи иккита бўлса-чи?” деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Иккита бўлса ҳам”, дедилар”.

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди.

Буюк аллома, ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

Фарзанд тарбияси, келажак учун баркамол авлод тарбиялаш халқимизда аждодлардан қолган мерос. Чунки ҳар бир инсон келажак олдида масъулдир. Шунинг учун келажакка гўзал замин тайёрлаш ҳамиша долзарб бўлган. Айниқса бугунги кунга келиб куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланиб турибди. Юртбошимиз бу сохага қаттиқ эътибор қаратган. Шунинг учун ўз нутқларида бу масала хусусида кўп тўхталган. Хусусан шундай деган:

“Биз учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган яна бир ўта муҳим масала борки, унга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан. У ҳам бўлса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз, фарзандларимиз тарбияси билан боғлиқдир.

Буюк бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, бу масала биз учун ҳақиқатан ҳам ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир ва ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган, таъбир жоиз бўлса, масалаларнинг масаласидир.

Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!”деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотларимиз ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланмоқда”. (Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузаси). Манбалар асосида

Ҳусанбой домла Сотволдиев.

Асака туманидаги “Икром ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби