Аллоҳ таоло ер юзида халифа қилиб инсон зурриётини яратишни ирода қилди. фаришталар бундан ажаблансалар-да, Ўз ҳикмати ила Одам алайҳис саломни яратди. Кейин ундан насллар қолдирди. Одам болаларига беҳисоб неъматлар ато қилди. осмондаги қушларни ҳам, денгиздаги жонворларни ҳам, ер юзидаги барча мавжудотни инсонга мусаххар қилиб берди.
Осмонни устунсиз пештоқ қилди, ерни бешик каби ҳаловат қилди. Яратган Парвардигор инсонга шунча неъмат бергани баробарида ундан ҳеч нарса сўрамади. Фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюрди. Ўзи инсоннинг яралишидаги асл ҳақиқат ҳам шу эди:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ* مَا أُرِيدُ مِنْهُم مِّن رِّزْقٍ وَمَا أُرِيدُ أَن يُطْعِمُونِ * إِنَّ اللَّهَ هُوَ الرَّزَّاقُ ذُو الْقُوَّةِ الْمَتِينُ
Яъни: “Мен жин ва инсни фақат Менга ибодат қилишдан бошқа нарса учун яратмаганман”. Улардан ризқ хоҳламасман ва Мени тоамлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир”. (Зориёт. 56 – 58)
Лекин инсон ҳадидан ошиб туғёнга берилиб кетади. Ўзини яратган эгасини унутади.
كَلَّا إِنَّ الْإِنسَانَ لَيَطْغَى
Яъни: “Йўқ! Албатта инсон туғёнга кетади”. (Алақ. 6)
Ҳолбуки ўзи аслида ҳақир сувдан пайдо бўлган эди:
قُتِلَ الْإِنسَانُ مَا أَكْفَرَهُ * مِنْ أَيِّ شَيْءٍ خَلَقَهُ * مِن نُّطْفَةٍ خَلَقَهُ فَقَدَّرَهُ
Яъни: “(Кофир) инсонга лаънат бўлсин, унинг кофирлиги қандоқ шиддатли бўлди. Уни қайси нарсадан яратди? Нутфадан яратди. Уни яратди ва уни ўлчовли қилди”. (Абаса. 17 – 19)
Шундай экан, Аллоҳ сари юзланиб, ҳокисорлик ила ибоат қилиш ўрнига ўзини осмонда кўриб катта кетиш нечун?
Шунча берган неъматлари баробарида шукр қилиш ўрнига ўзи гуноҳ қилгани етмагандек, бошқаларни ҳам маъсиятга етаклаш нечун?
Ҳолбуки, дунё ўткинчи. Эртага қиёмат. Шу кунга тайёргарлик кўриш ўрнига ўзидан кетиш нечун?
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنظُرْ نَفْسٌ مَّا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ * وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنسَاهُمْ أَنفُسَهُمْ أُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унутдирди. Ана ўшалар, фосиқдирлар”. (Ҳашр. 18-19)
Аллоҳ берган неъматларга шукур қилмоқ керак. лекин инсонларнинг кўпи ношукурдир. Ҳолбуки ҳар ким инсоф ила ўзига назар солса кўради – бошқаларга берилмаган неъматларнинг қанчаси бунга берилган. Не учун бошқалардаги нематларни кўриб, ўз ҳолидан нолиш керак?
Шукр қилмоқ керак. шунда унга яна зиёда бўлғусидир. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Яъни: “Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг”.
Улуғбек қори Йўлдошев,
Асака тумани “Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими