Марҳабо эй ойлар саййиди Рамазон!

1128

Ўлкамизга улуғ ой, ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони Карим нозил бўлган ой моҳи Рамазон ташриф буюрмоқда. Барча юртдошларимиз қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги, вилоят Уламолар кенгаши ва барча имом-хатиблар номидан орзиқиб, интизор бўлиб кутилган Муборак ой моҳи Рамазон билан вилоятимиз аҳлини самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло ушбу улуғ ойда қиладиган барча ибодатларимизни қабул айласин.

Зеро мустабид тузум даврида халқимиз ўзининг миллий ва диний қадриятларидан айрилган, бундай улуғ кунларда пана жойларда яшириниб ибодатлар қилар, Ҳайит намозларини эса қабристон ва тепаликларнинг орқаларида ўқир эдилар. Рамазон Қуръон нозил бўлган ой дейилиб, вилоят бўйича атига 8 та масжид фаолият кўрсатган бўлиб, уларнинг 3 тасидагина Хатми Қуръонлар ўтказилган. Унда ҳам “биров билмасин” – деб 3 кун ичида ниҳоясига етказилган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, истиқлол туфайли юртимизда ҳозирда 2000 дан зиёд масжидлар фаолият кўрсатмоқда. Шундан 181та масжид вилоятимизда фаолият кўрсатиб, барчасида Таровеҳ намозлари ва шундан 167тасида Хатми Қуръонлар ўтказилмоқда. Мустабид тузумдагидек, “3 кун ичида хатм қилиб – ҳеч ким билмасин” учун эмас, балки халқимиз айниқса кексалар қийналмаслиги ва Хатми Қуръонлардан завқ олишлик учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг топшириғига мувофиқ 15 кундан кам муддатда ўтказилмаслиги белгилаб қўйилди. Вилоятимздаги барча Хатми Қуръон ўтказиладиган масжидларда бир хил 20 кунлик қилиб ўтказилиши бир неча йилдан буён амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг инояти-ю, истиқлол шарофатидандир. Бунга доимо шукронада бўлмоғимиз лозим. Зеро Аллоҳ таоло Ўзининг Муборак китобида “агар шукр қилсаларингиз, янада зиёда қиламан” деган ваъдаси бор. Ҳозирда дунёнинг баъзи бир жойларида урушлар, тўс-тўполонлар, табиий офатлар бўлиб турибди, ушбу улуғ имкониятлар, шароитлар, дуолар барокоти, шукроналар туфайли Ватанимиз тинч, халқимиз ҳаёти кундан-кунга фаровон бўлиб бормоқда. Миллий ва диний қадриятларимиз, байрамларимиз кўтаринки тарзда кутиб олиниб, катта тантаналар билан нишонланмоқда. Дуолар қабул бўладиган пайтлар – оғиз очиш пайтида, таровеҳ ва Хатми Қуръонлар пайтида барча рўзадор юртдошларимиздан, ёши улуғ отахон ва момоларимиздан Ватанмизга янада равнақ тилаб, азиз халқимиз осмони доимо мусаффо бўлишини Аллоҳдан сўрашларини илтимос қилган ҳолда, барчаларимиз бу ойда бериладиган ажр ва мукофотларнинг барчасига мушарраф бўлишларимизни, бу йилги Муборак Рамазон ойи юртимизда янада хайр-барака, сиҳат-саломатлик, тинчлик-омонлик олиб келишини тилаб қоламиз.

Бу моҳи шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у аввало, бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйингизга бирор меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, хурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз. Худди шунингдек, моҳи рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга харакат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг иймон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиши зарур.

Рўза инсонни ҳалол покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай мархамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара,183).

Салмони Форсий р.а. шундай дедилар. Яъни: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ с.а.в. бизларга хутба ўқиб шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган  билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У- сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У- хайр эхсон улашадиган ой.  У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади.  Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга  ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча  кам бўлмаган савоб берилади” . шунда биз: “ Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймизк-у” –дедик. Расулуллоҳ с.а.в. “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга  бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки  рўзадорни қорнини тўйғазса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди” – дедилар.

Рамазони шариф тоат ибодат, қут барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.

Пайғамбаримиз с.а.в. мархамат қилиб айтадилар: “Кимики Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.(Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Бу ой шундай ойки, аввали-биринчи ўн кунлиги рахмат, икинчи ўн кунлиги мағфират  ва учунчи ўн кунлиги эса, дўзахдан нажотдир”. Аллоҳнинг рахмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг рахмати ёғилган оила эса, албатта, барокотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик хукмронлик қилади. Бир куни Расулуллоҳ с.а.в. жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта “омин” дедилар. Бу “омин” ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расулуллоҳ с.а.в.: “Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин (а.с.) келдилар ва қулоғимга: “Рамазонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалсин” -дедилар. Мен “омин” дедим. Кейин: “Ота-онасини  ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”-дедилар, мен яна “омин” дедим. Кейин яна: “Сизнинг муборак номингизни  эшитиб, саловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”,-дедилар. Мен яна “омин” дедим”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набийй соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен- ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан ҳушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. Бири- ифтор вақтида, иккинчиси- Парвардигорга йўлиққанида”-дедилар. (Бешовлари ривоят қилган). Пайғамбаримиз с.а.в. шундай мархамат қиладилар: “Албатта, жаннатда “Раййон” исмли  эшик бордир. У эшикдан қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. Қаерда рўзадорлар деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан жаннатга кирадилар. Улар кириб бўлганларидан сўнг у эшик ёпилади, улардан бошқа кимса у эшикдан кирмайди”.   Бу ой Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир.

Улуғ ойда ҳар бир қилинган амалнинг эвазига 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида Пайғамбаримиз Мҳаммад (с.а.в) ҳадиси шарифларда марҳамат қилганлар. Бироқ ушбу ойда инсонларга яхшилиқ қилиб, хайру-саҳоват кўрсатиб улкан савоб ва ажрларга эга бўлишнинг ўрнига халқимизга қийинчилик туғдираётганлар ҳам бор. Афсуски, Рамазон ойи кириб келиши биланоқ озиқ-овқат маҳсулотлаларининг нархини кўтарилишини кузатамиз. Улардан “нимага бундай?”- деб сўрасангиз, уялмай “рўза келдида” дейишади. Аслидачи ҳақиқий мусулмон Рамазон ойида ўта саҳоватли бўлиши лозим. Чунки Рамазон ойи тақвони, тарбияни ўрганадиган ойки, бу ойда ҳосил қилинган тақво, одоб ва тарбия йилнинг қолган ойларида анашу мўъминга ҳамроҳ бўлсин.

Ғарб мамлакатларини кузатадиган бўлсак, ибратли бир ҳолатни кўришмиз мумкин, улар ўзларининг Рождество, Пасха каби байрамлари арафасида аксарият савдо дўконларида акциялар эълон қилиб нархларни 50 % гача арзонлаштиридилар. Аслида бундай ишларда саҳоватпешалик диний ва миллий қадриятларининг ажралмас қисми бўлган ўзбек халқи бундай ишларда илғор бўлмоғи лозим.

Рамазон ойида инсон ўзини нафсини тарбиялаш мақсадида емоқ-ичмоқдан тийилади. Бизда эса, кимўзарга дабдабали суратларда катта-катта жойларда ифторликлар беришга интилишлар сезилиб қолади. Бу ҳам шаръан дуруст эмас. Чунки Рамазон ойида ифторлик қилиб бераман деб, кўп уриниб, дабдабозликка йўл қўйиб исроф қилаётганимизни ўйламаяпмиз. Ифтрликларни ўртача меъёрда қилиб, қолган маблағларимизни қариндошлар орасидаги, маҳалламиздаги муҳтожларга берсак анаўшаниси афзалроқдир.

Бу йил муборак Рамазон ойи иссиқ ойларда келаётгани сабабли кекса ота-оналари бор фарзандларга ва сурункали касаллиги бор ватандошларимизга мурожаатимиз бор. Сурункали касаллиги бор беморларнинг ва ўта ёши улуғ-кексаларимизнинг фарзандлари уларни тиббиёт ходимларининг олдиларига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг рўза тутишга киришсинлар.

Агар таббиблар сурункали касаллиги бор беморларга ва ўта кексаларга рўза тутиш соғлигига хавф туғдиради деган хулоса берсалар, шариъатимизнинг кўсатмасига мувофиқ фидяларини бермоқликлари мақсадга мувофиқдир. Фидянинг миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвоси асосида  масжидларда эълон қилинди.

 Аллоҳ таоло барчаларимизга бу ойни ғанимат билишликка тавфиқ берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

   Андижон вилояти вакили,

        вилоят бош имом-хатиби

Нуриддин ҳожи Холиқназаров