Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборилиши мўмин-мусулмонларга катта инъом бўлди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз суннатлари билан инсониятни Аллоҳнинг йўлига бошлаш учун келганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар. (Оли Имрон сураси, 164-оят).
Пайғамбардан мурод Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Суннат ислом динимизнинг таълимотининг иккинчи асосий манбаларидан биридир. У гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб, Қуръон оятларининг маъносини янада кенгроқ тушунишга, ундаги аҳкомларни батафсил баён қилишга хизмат қилади.
Баъзи бузғунчи оқим эгалари айтади: Набавий ҳадисни тарк этиб, Қуръони каримнинг ўзи ҳукм олишга кифоя қилмайдими? Унда ҳамма нарса бор эмасми? Албатта Аллоҳ таоло каломи шарифи Анъом сурасининг 38-оятида шундай дейди:
Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари бу саволга қуйидаги тарзда жавоб берадилар:
– Албатта, бу оятда зикр қилинган “Китоб” лафзидан мақсад Лавҳул-Маҳфуздир. Унда ҳамма нарсани битиб қўйилгани ҳақида шак-шубҳа йўқ. Бу ўринда Лавҳул-Маҳфуз ҳақида сўз кетмаяпти, балки, Қуръони карим ҳақида баҳс қилинмоқда.
– Қуръони карим бизларни ҳадиси шарифга эргашишимизга буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломи шарифи Мужодала сурасининг 7-оятида шундай дейди:
“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир.”
Бу оятда Аллоҳ таоло бутун умматни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрди. Оятнинг ниҳоясида амалда эътиборсиз кишини қаттиқ жазо билан огоҳлантирди. Айни чоғда ҳадиси шарифни қабул қилмаган киши Қуръони каримни ҳам қабул қилмаган бўлади.
– Агар биз ҳадиси шарифни қабул қилмаганимизда эди, намозни тўлиқ адо эта олмасдик. Чунки Қуръони карим кунлик фарз намозлар сонини келтирмади. Ҳар бир намознинг ракатларини ҳам баён қилмади. Шу билан бирга намознинг шартлари, рукнлари ва уни ботил қиладиган амалларини ҳам баён қилмади. Қандай қилиб ҳадиси шарифдан ҳукм олмай намоз ўқий оламиз?. Бу эса диннинг устуни бўлган намоздаги ҳолат. Ақида ва бошқа шаръий ҳукмларда ҳадиснинг ўрни катта эмасми?
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу шафоат масаласига доир ҳадисни айтиб бераётганларида ўша ерда ўтирган кишилардан бири: “Эй, Абу Нажид! Нега сен бизларга Қуръонда айтилмаган нарса ҳақида гапиряпсан”, деди. Шунда Имрон Ибн Ҳусайннинг жаҳли чиқиб: “Сен ўзинг Қуръон ўқиганмисан”, дедилар. У “ҳа”, деди. “Ўқиган бўлсанг унда намозларнинг ракатлари ёзилган оятни ўқиганмисан”, у: “йўқ”, деди. “Ундай бўлса, сен буларни қаердан билдинг, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисларидан эмасми?”, дедилар. (Имом Байҳақий ривояти).
Ойдек равшанки, Қуръони каримнинг ўзи билан кифояланганлар суннатнинг мақоми қай даражада эканини билмайдилар ёки Қуръони каримга муҳаббатлари йўқ. Бироқ, улар Қуръон ва ҳадисга асосланган ислом динини ёмон кўрадилар. Албатта, Ислом дини масалаларининг тўртдан уч қисми ҳадиси шарифда мавжуддир. Булар ҳадиси шарифни инкор қилиш билан муқаддас динимиз Исломни бузмоқчи бўладилар.
Расулуллоҳнинг суннатларидан юз ўгириш, унга хилоф амал қилиш дунёда фитна-фасоднинг келтириб чиқишига, охиратда аламли азобга сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Аллоху Таоло барчамизни Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббатли ва суннатларига тобеъ бўлишликка ва уларни эхё қилишликка мувофиқ этиб, тўғри йўлидан адаштирмасин.
Анваржон домла Ибайдуллаев
Олтинкўл туманидаги “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби