Ҳар бир мўмин-мусулмон жуда ёмон иллат – бахилликдан эҳтиёт бўлиши керак. Бахилликни уламолар бундай таърифлашади: “Ўз молини ўзидан ва бошқалардан қизғаниш”, “Сақлаб турилган нарсадан сўралганда, бахиллик қилиб ундан бермаслик”.
Бахилликнинг икки тури бор:
1) Ўзида бор нарсага бахиллик қилиш;
2) Ўзга кишидаги нарсага бахиллик қилиш.
Иккинчиси ёмонроқ. Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «(Улар) ўзлари бахиллик қилиш билан бирга (бошқа) одамларни (ҳам) бахилликка буюрадиган ва Аллоҳнинг Ўз фазли билан берган (неъмат)ларини яширадиган (кимса)лардир» (Нисо сураси, 37-оят).
Уламоларнинг фикрича, бахилларнинг энг ёмони ўзига ўзи бахиллик қилган кимсадир. Чунки мол-мулкини ўзига сарфламай, беморликдан азият чекканлар, афсуски, орамизда топилади.
Шунингдек, “Нисо” сурасининг яна бир оятида: «Аллоҳ ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари билан бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир, ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир» (Нисо сураси, 180-оят).
Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни ҳақиқий эгаси – Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, Аллоҳ йўлида сарфламай, тўпланган мол эгасининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
Бир қарашда бахиллик гўё молини муҳофаза қилишга ўхшайди. Лекин мол-дунё ўткичнидир. Агар киши вафот этса, барча нарсаси қолиб кетади. Бахиллик билан қолдирилган мол-дунё учун қиёматда жавоб беради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, у молининг закотини бермаса, қиёмат куни мол-дунёси унга икки холи бор катта илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Кейин икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган ҳазинангман, дейди”, дедилар. Кейин: “Аллоҳ ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиргача ўқидилар» (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни бахилликдан асрасин.
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби