Ҳозирги кунда миллат маънавиятига хавф солаётган таҳдидлардан бири оммавий маданиятдир. Оммавий маданият ХХ аср ўрталарида шаклланган феномен бўлиб, унга қисқароқ ва тушунарлироқ қилиб таъриф берадиган бўлсак, оммавий маданият – бизга четдан кириб келаётган миллий ва диний қарашларимизга ёт маънавий ва ахлоқий иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндисидир.
Ҳозирги кунда дунё бўйлаб барча янгилигу қарашларни беминнат ташиб юрувчи интернет тармоғидан фойдаланишниг устасига айланган ёшлар ундан қандай маълумотни олиш керагу, қайсисидан четланиш керак эканлагини ҳамма вақт ҳам билавермайдилар. Миллийлигимизга, маданиятимизга тўғри келмайдиган турли хил гапларни лексиконимизга қўшилиб кетаётгани, жамоат тартибига тўғри келмайдиган кийимлар ва соч турмакларини кўпайиб бораётгани ташвишланарли ҳолдир. Айрим ғарб мамлакатларида жорий қилинаётган бир жинсли никоҳлар, танага турли расмларни чизиш ва металл жисмларни тақиш каби ишлар эса ҳам саломатликка ҳам инсонийликка зиддир.
Бундай салбий одатлардан фарзандларимизни иҳота қилишда камарбаста бўлиш сизу бизнинг зиммамиздаги долзарб вазифалардандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши исломининг гўзаллиги ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир”, деб марҳамат қилганлар. Оммавий маданиятнинг барча унсурлари киши табиатига зид, унинг инсонийлик қиёфаси ва қалбини хиралаштирувчи беҳуда амаллар эканини англаб етамиз.
Оммавий маданиятни тарғиб қилаётганлар ҳаётга бир марта келасан бу ҳаётда хоҳлаганингча яша, қийинчиликларга қўл силта, биз билан бўл, бахтли бўласан деб даъват қиладию, улар ҳаётда барча ишларни қилиш мумкин, имкон топсанг бас деб уқтиришади. Албатта инсоннинг нафсига енгиллик, хоҳлаган ишини қилиш ёқади. Кўплаб ёшларни оммавий маданиятга эргашиб кетаётганининг сабаби ҳам шунда.
Ҳар замонда бузуқликни, фахшни, бехаёликни ҳар хил номлар, ялтироқ шиорлар билан оқлашга интиладиган, тарғиб қиладиган ахлоқсиз тоифалар чиқиб турган. Бундай бузуқликларни Ислом дини доимо қоралаб келган.
Динимиз инсоният ҳаётига таҳдид қиладиган барча ишларни ҳаром қилган. Нафс бир ишга ружуъ қўйса, чегара билмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига шариатни юбориб, нафсни жиловлашни буюрган ва унга баъзи ишларда чегарани белгилаб қўйган. Агар инсон ушбу чегаралардан ўтиб кетадиган бўлса, ўзи учун зулм қилган бўлади ва Аллоҳ таолога осий бўлади. Оммавий маданият инсонларни ўша чегараларни бузиб ўтишга ундайди. Ҳаром ишларни кишиларга гўзал қилиб кўрсатади.
Аллоҳ таоло жамиятни бузилишига олиб келадиган зинони ва унга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилгандир. Бу ҳолат ҳақида “Исро” сурасида шундай деб марҳамат қилган:
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Оятда “зино қилманглар” дейилмаган, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин, мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Маълумки Ислом бирор нарсани ҳаром қилса, унга етказувчи йўлни ҳам тўсади ва уни тақозо этувчи барча воситаларни ҳаром деб эълон қилади. Демак зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо ҳаромдир! Зинонинг ҳаромлигини Аллоҳ зинодан узоқда бўлувчиларни мадҳ қилганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Аллоҳ айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмасдирлар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун 1 – 7).
«Оммавий маданият» таъсирида ёш йигит-қизлар беҳаёларча кийинишмоқда. Йигитлар ўзларига ярашмайдиган даражада кийим кийишлари, ташқи кўринишларини ўзгартириб юришлари ёки ҳар хил хунук услубда соч қўйишлари, баъзи йигитлар эса сочларини турмаклаб олиб, бир парча матони бошига ўраб олганлигини гувоҳи бўласиз. Ҳатто баъзи йигитлар қулоғига зиракча тақиб олмоқдалар.
Шунингдек ҳозирги пайтда баъзи қиз-жувонлар ярим яланғоч ҳолда енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа кўйлаклар кийиб, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, кўчада бемалол уялмай юрибдилар. Қизлар ҳам ташқи кўринишларини ўзгартириб, бурунларига зиракча тақиб олаяптилар. Миллатнинг забардаст ўғлонлари ва иболи қизларини йўқотиб бораётганимизни англаб етайлик.
Албатта, бугунги кунда бир жинслиларнинг никоҳланиши ёки жинсини ўзгартириш каби қабиҳ иллатлар ҳам, «оммавий маданият»нинг энг ёмон кўринишларидан бири эканлигини унутмайлик.
Тарихда мазкур ишларни қилган қавмлар қаттиқ азобга дучор этилган. Кўпчиликка маълум, ислом тарихида Қуръони каримда номлари зикр қилинган пайғамбарлардан бири Лут алайҳиссаломнинг қавмида ҳам шундай ишлар авж олган эди. Эркаклар эркаклар билан жинсий алоқа қилиши, ёш болаларнинг номусига тегиш ҳолатлари кўпаяйиб кетади. Ҳаттоки, эркаклар аёлларга қарамай ҳам қўяди. Лут алайҳис салом бир неча марта бу ишни қилмасликка чорласалар ҳам фаҳш ишлари кўпайса кўпаядики камаймайди.
Шунда Аллоҳ таоло томонидан икки азоб фаришталари юборилади. Лут алайҳис салом ва бир неча иймонли инсонларга шаҳардан ортига қарамай чиқиб кетиш буюрилади. Улар чиқиб кетаётганларида шаҳарни даҳшатли чинқириқ қамрайди. Ҳамма жой остин-устун этилади. Бирорта тирик жон қолмайди. У ер текис майдонга айланади. Қавм Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади.
Хулоса шуки, улғайиб келаётган ёш фарзандларимиз иймон-эътиқодли, диёнатли, ор-номусли, ҳаёли бўлишлиги учун ва дини, Ватани, ота-онаси, оиласи ва халқига муносиб хизмат қилишлиги учун дунё илмларига эга қилишлик билан бир қаторда исломий руҳда тарбия қилишлигимиз жуда ҳам зарурдир.
Албатта, мусулмон эркак ва аёллар кийинишда, юриш-туришда ва муомалада ҳамиша ҳаёли бўлиши ва иффатини асраши лозим. Бу эса гўзал исломий одоблардан саналиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон кишидан талаб этилади.
Умиджон домла Усмонов
Бўстон тумани “Юнусобод”
жоме масжиди имом-хатиби