Шарқ халқлари, хусусан бизларнинг ота-боболаримиз устоз ҳурматини юқори ўринга қўйганлар. Бекорга айтмаганлар фарзандини устозга топширган оталар “Эти Сизники, суяги бизники” деб. Устозлар ўзларининг фидойиликлари билан шунга муносибдирлар.
Шариатимиз таълимотларида ҳам устозларни ҳурмат қилиш гўзал усулда тарғиб қилинган. Бу тушунчалар инсоният яратилишидан ҳозирги кунимизга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган, балки қиёматгача ҳам йўқотмайди.
Устоз – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар – бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва зеҳнларини, қалб қўрию сеҳрларини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир. Улар бизларга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитиб, қўлларимизга илк бор қалам тутқазиб, “Ота-она”, “Ватан”, “Эзгулик”, “Иймон”, “Ислом” каби сўзларни ёзишга ўргатган буюк ва азиз зотлардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида устознинг мақомини таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару-ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга саловот айтадилар”.
иҳлар, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг исмларини санаб адоғига етмайсан киши, бизларга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ.
Хўш, улар бу даражаларга қандай эришдилар?
Ҳа, уларнинг бундай мақом ва мартабаларга эришишининг сабаблари жуда кўп, аммо энг асосийларидан бири узтозларига қилган хизматлари ва кўрсатган эҳтиромларидир. Чунки уларнинг кўпчилиги бу даражаларга қандай етишганлари ҳақида сўралганда, “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли”, дея жавоб берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай сўзлар айтганлар:
“Динда фақиҳ бўлган инсон одамларнинг афзалидир. Агар унга ҳожат тушса, фойда беради. Агар беҳожат бўлсалар, ўзига фойда беради”.
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиз”.
“Аллоҳнинг китобидан кимики бир оят ўргатса, Қиёмат кунида ўша оят табассум чеҳрали ҳолатда инсонни кутиб олади”.
“Менинг ўринбосарларимга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”
У зотдан сўрашди:
“Ўринбосарларингиз кимлар?”
“Суннатимни тирилтириб, уни Аллоҳнинг бандаларига ўргатган зотлар”,“Ким инсонларга таълим бериш мақсадида бир бўлим илм ўрганса, унга етмиш сиддиқнинг савоби берилади” деганлар.
Ийсо алайҳиссалом айтадилар: “Ким илм ўрганиб, унга амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, бутун осмон фаришталари орасида “Буюк…” деб чақирилади”.
Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳу дедилар: “Албатта фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади”
Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳи дейдилар: Илм аҳлини улуғлаганлари боисидан фаришталар илм талаб қилиб келган ҳар бир инсонни оёғининг остига ўз қанотларини ёядилар. Ва яна бирор ерда агар илм мажлиси бўлса, улар учишдан тўхтаб, мажлис аҳлига қулоқ соладилар ва қанотлари билан толиб илмларнинг бошлари узра қанотларини ёядилар.
Манбалар асосида
Одилжон домла Расулов,
Марҳамат тумани “Бозорбоши”
жоме масжиди имом-хатиби