Шаратимиз кўрсатмаларида оила қуришга тарғиб қилинади. Бу ҳақда талайгина оят ва ҳадислар бор. Хусусан Нур сурасида шундай дейилади:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).
Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида бундай деганлар: “Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: “Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!” деб буйруқ берилмоқда”.
Ҳанафий мазҳабимизда киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, шундай деганлар:
النِّكَاحُ سُنَّتِي فَمَنْ لَمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي وَتَزَوَّجُوا فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
(رواه الأمام ابن ماجة عن عائشة رضي الله عنها).
яъни: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким мени суннатимга амал қилмаса мендан эмас. Турмуш қуринглар! Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Ким авратини ҳаромдан сақлаш ҳамда шариат буюрган ишларни амалга ошириш мақсадида оила қурса, Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
ثَلاثةٌ حَقٌّ على الله تَعالى عَوْنُهُم … النَّاكِحُ الَّذِي يِرِيدُ العَفافَ )رواه الأمام أحمد عن أبي هريرة رضي الله عنه).
яъни: “Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир”, … (улардан бири), “ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عـنه، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه أغض للبصر، وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإنه له وجاء”. أخرجاه من حديث ابن مسعود. رواه البخاري و مسلم
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан кимки никоҳга имкон қила олса уйлансин. Чунки, у нарса ҳақиқатан кўзни тўсгувчи ва фаржни сақлагувчироқдир. Ва кимки имкон қила олмаса унга рўза лозим, зеро у нарса унинг учун бичгувчироқдир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Мазкур оят ва ҳадисларнинг зоҳиридан никоҳланиш вожиб дегувчи уламолар ҳам бўлган, аммо жумҳур уламолар никоҳни бир неча турга бўлиб, никоҳланишга шароити ва рағбати меъёрида бўлган инсонларга никоҳ суннат деганлар.
Никоҳ фақатгина Ислом динидагина эмас, балки барча динларда суннат бўлган.
عن أبي أيوب رضي الله عنه قال، قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : أربع من سنن المرسلين، الحيا ء و الطعتر و السواك و النكاح. (رواه الترمزي و قال حديث حسن غريب)
Абу Айюб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Тўрт нарса пайғамбарларнинг одатларидандур – ҳаё; хушбўйлик; мисвок ва никоҳ”. (Термизий ривояти)
Юқоридаги далиллардан кўринадики, ҳар бир оила қургувчи йигит ва қиз янги ҳаёт остонасига қадам қўяр экан, нақадар улуғ ибодатни адо қилаётганини ҳис қилиши ва шунга муноиб бўлиши ҳам лозимдир.
Одилжон домла Расулов,
Марҳамат тумани “Бозорбоши”
жоме масжиди имом-хатиби