Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига қўшнисининг ёмонликларидан шикоят қилиб келди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга “Сабр қил”, – дедилар. У яна шикоят қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч мартагача “Сабр қил”, – деб турдилар. Бу ҳолат такрорланавергач, учинчиси ёки тўртинчисида Расулуллох алайҳиссалом унга: “Бор, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб, қўй”, – дедилар. У уйига бориб, шундай қилди. Одамлар унинг олдидан ўтарканлар ҳайрон бўлиб: “Сенга нима бўлди, нега бу аҳволда ўтирибсан”, деб сўрай бошладилар. У: “Қўшним менга ҳар доим озор беради”, – деди. Буни эшитган одамлар: “Ўша қўшнингни Аллоҳ лаънатласин”, – деб ҳалиги озор берувчи қўшнини дуойибад қила бошладилар. Охири қўшниси унинг олдига келиб: “Жон қўшни, куч-кўлонларингни уйингга қайтариб олиб кир. Аллоҳга қасамки, сенга бошқа озор бермайман”, – деди. (Абу Довуд ва Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиснинг Абу Жуҳайфа разияллоху анху орқали нақл этилган ривояти қуйидагичадир: “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хузурига қўшнисидан шикоят қилиб келди. Набий алайхиссалом унга: “Нарсаларингни кўчага чиқариб қўй”, – дедилар. У шундай қилди. Шундан сўнг, кўчадан ким ўтса, у(ёмон қўшни)ни лаънатлаб ўта бошлади. Шунда у (яъни ҳалиги ёмон қўшни) Набий алайҳиссаломнинг хузурларига келиб: “Ё Расулллоҳ, одамлардан нимани кўряпман (яъни одамлар нега менга бундай муомала қилишмоқда)?” – деб шикоят қилди. У зот: “Xўш, улардан нима кўрдинг?” – дедилар. Улар мени лаънатлашяпти, деди ҳалиги киши. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Одамлардан аввал Аллоҳнинг ўзи сени лаънатлаб қўйди” дедилар. Шунда ҳалиги одам: “Ё Расулаллоҳ, бошқа бундай қилмайман (яъни қўшнимга бошқа озор бермайман)” – деди. Қўшнисидан шикоят қилган киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келган эди, Улзот: “Нарсаларингни кўтар (яъни уйингга киравер), ишинг битди!” – дедилар (Мунзирий ва Табароний ривоятлари). Яна бир ривоятда “ишинг битди” сўзи ўрнига “энди (қўшнинг азиятидан) омонликда бўласан” деган ибора ишлатилган.
Юқорида ўқиганимиз набавий ҳадислардан қуйидаги фойдали сабоқларни олишимиз мумкин:
- Агар мўъмин кишига ёмон қўшни учраса, аввало, сабр қилмоғи лозим. Унинг сабри ёмон қўшнининг ёмонлигидан халос бўлишга сабаб бўлади. Ахир, қўшнисидан шикоят қилиб келган кишини Пайғамбар алайхиссалом дастлаб бир неча марта сабр қилиб туришга буюрдилар.
- Баъзан, қўшни ҳеч инсофга келавермаса, қўшнидан шикоят қилиш ҳам жоиз экан. Шикоятни ўша жамоанинг бошлиғига қилиб, қўшнини кўпчиликнинг, маҳалла-куйнинг таъсири билан муомалага чақириш усуллари ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида бўлган экан. Бизда ҳам бу набавий услуб қадимдан қўлланиб келган. Қўшнилар орасида пайдо бўлган низо ва келишмовчиликлар уламолар, маҳалла аҳли, катта ёшдаги кишилар ва тажрибали одамлар аралашуви орқали ҳал килиниб, уларни яраштирилган ва иноқ бўлишга чақирилган. Демак киши қўшнисидан салгина азият етиши билан дархол уйдаги кўч-кўлонларини ташқарига олиб чиқиб қўйишга шошилмаслиги лозим. Ҳадисда келган тадбир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган етук ҳикмат асосида, шароит ҳамда муайян кишиларнинг муайян ҳолатлари ва табиатларига қараб амалга оширилган набавий чора эди, валлоху аълам…
Баъзи кишиларнинг табиати шундай бўладики, уларга яхши сўз кор қилмайди, балки фақат кўпчилик олдида уялтириб, шарманда қилиш орқалигина таъсир ўтказиш ва ёмонликларини тийиб қўйиш мумкин. Аслида эса қўшнисидан озор кўраётган одам дастлаб сабр қилади, қўшнини яхши гап билан ислоҳ қилишга, инсофга чақиришга ҳаракат қилади. Шунда ҳам ўнгланмаса, у ҳолда ўша маҳалланинг раҳбар кишиларига учраб, муаммони баҳамжиҳатликда ҳал этишга ҳаракат қилинади.
- Қўшнисига озор берувчи кишиларга Аллоҳинг лаънати бўлар экан.
- Ўша вақтдаги энг ёмон қўшниларнинг ҳам Аллоҳнинг ва одамларнинг лаънатига учраб қолишдан қўрқув хис қилиб, эс-хушини йиғиштириб олиши кераклиги маълум бўлмоқда. Энг авваламбор қўшниларни ҳаққини адо этишимизни, улар билан муроса қилиб чиройли ҳаёт кечириб боришимизни Аллоҳ насиб этсин.
Сирожиддин домла Ҳакимов,
Олтинкўл тумани “Ҳазрати Умар”
жоме масжиди имом-хатиби.