Ислом дини инсонларни нафақат охират амалларига, балки мана шу бизлар яшаб турган дунёнинг ободлигига ҳам тарғиб қилади. Тарғиб қилибгина қолмасдан, дунёни обод қилишга, дунё ишлари билан шуғулланиш агар шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлса ибодат даражасида ҳаракат қилишга буюради.
Ана шундай амалларнинг бири ва деярли ҳар бир инсоннинг доимий эҳтиёжи аҳли оиласи учун тирикчилик қилишдир.
Тирикчиликнинг турлари кўп. Касбу-ҳунар, деҳқончилик, чорвачилик, савдо-сотиқ, ҳужжат ишлари ва ҳоказо. Барчаси ҳам пешона терлари, кишининг ҳалол ризқ топишдаги омиллар саналади.
Ислом дини мусулмонларга ризқини ҳалол меҳнат қилиб топишга ва оила аҳлларини нафақа билан таъминлашга тарғиб этгандир. Шунга биноан, ҳар бир мусулмон киши ўзи учун муносиб касб танлаши ва шу касби орқали ризқини истамоқлиги лозим.
Бир куни саҳобалардан бири Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан:
“Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! Энг ҳалол касб қайси?” – деб сўради. Он Ҳазрат (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
“Киши ўз қўл меҳнати билан қилган амали ва ҳалол савдодир”, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти).
Aллoҳ тaoлo марҳамат қилади:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيراً لَّعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”. (Жумъa сураси, 10-оят)
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бошқа бир ояти каримасида шундай марҳамат қилган:
وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ
яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, (Қасас сураси, 77-оят).
Аллоҳга яқин бўлиш учун дунёдан узилиб, уйланиш, бола-чақа қилишни тарк қилиш ва бирор жойга бориб, фақат зикрга машғул бўлиш йўқдир.
Аллоҳ таоло инсонни яратди, табиатига очликни, ташналикни қондириш, бошпана қуриш, уйланиш каби нафсоний тақозоларни жойлади ва ушбу эҳтиёжларини қондириш билан бирга, Ўз ҳақларини ҳам адо этишни талаб қилди. Бу ҳақларни адо қилиш учун намуна ва ўрнак қилиб, Пайғамбар алайҳис саломларни юборди.
Пайғамбар алайҳис саломлар ҳам ҳалол касб қилганлар. Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим” деганлар. (Имом Бухорий ривояти)
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан олдинги пайғамбар алайҳис саломларнинг ҳунари ҳақида сўрадилар. Шундай жавоб берди:
“Одам (алайҳиссалом) деҳқон эдилар. Идрис (алайҳиссалом) подшоҳ, ягона ҳаким бўлсалар ҳам тикувчилик қилганлар ва у киши биринчи бўлиб кийим тикиб кийганлардандир. Тикиш пайтида Аллоҳнинг зикридан ғофил бўлмаганлар. Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгор эдилар ва у киши биринчи бўлиб кема ясаган. Ҳуд (алайҳиссалом) ва Солиҳ (алайҳиссалом) тижоратчи, Иброҳим (алайҳиссалом) зироатчи, Исмоил (алайҳиссалом) овчи, Исҳоқ (алайҳиссалом), Яъқуб (алайҳиссалом), Шуайб (алайҳиссалом) ва Мусо (алайҳиссалом) чўпон бўлганлар. Юсуф (алайҳиссалом) соатсоз бўлганлар, у кишининг зиндонда ёғочдан соат ясагани нақл қилинган. Ҳорун (алайҳиссалом) вазир бўлган. Илёс (алайҳиссалом) тикувчи ва Довуд (алайҳиссалом) совутчи бўлган”.
Манбаалар асосида
Мирсаидхон домла Сайфуддинов.
Марҳамат тумани “Иброҳим Халилуллоҳ”
жоме масжиди имом-хатиби.