Ҳижрий сананинг бошланиши бўлган Муҳаррам ойи юртимиз ва элимиз учун баракали бўлсин. “Муҳаррам” ‒ луғатда “ҳурматланган”, “ҳаром қилинган” маъноларини билдиради. Яъни Аллоҳ таоло тўртта ойда урушни ҳаром қилган бўлса, уларнинг бири шу ой эрур. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг Муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз – таҳажжуд намозидир” (“Саҳиҳи Муслим”).
Ҳазрат Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишча бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан:
“Рамазон ойидан кейин рўза тутишга қайси ойни буюргайсиз?” ‒ деб сўраганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазон ойидан кейин рўза тутадиган бўлсанг Муҳаррамда тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидур. Бу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган ва шу ойда яна бир қавмнинг тавбасини қабул қилгай”, ‒ деб жавоб берганлар. (Термизий ривояти )
Бу ойнинг ўнинчи кунида улуғ воқеалар бўлгани учун халқимиз Ашуро (ўнинчи кун) ойи деб аташга одатланганлар. Ривоят қилишларича Иброҳим алайҳис салом Ашуро кунида туғилганлар. Жаброил, Мекоил ва Исрофил алайҳис саломлар, Арш, Курси ҳам, Ер, осмон ва жаннат ҳам мазкур кунда яратилган.
Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида қишлоқ аҳлларининг имон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлганларини баён қилар экан, жумладан шундай дейди:
فَلَوْلاَ كَانَتْ قَرْيَةٌ آمَنَتْ فَنَفَعَهَا إِيمَانُهَا إِلاَّ قَوْمَ يُونُسَ لَمَّآ آمَنُواْ كَشَفْنَا عَنْهُمْ عَذَابَ الخِزْيِ فِي الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَمَتَّعْنَاهُمْ إِلَى حِينٍ
Яъни: “Илло Юнуснинг қавми, қачонки имон келтирган эдилар, Биз улардан дунё ҳаётида хўрлагувчи азобни кашф қилиб (олиб) қўйдик”.
Имом Насафий ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимо тафсирларига кўра Юнус алайҳис салом қавмини ҳидоятга ҳар қанча чақирса ҳам даъватга ижобат қилишмаганликлари туфайли дарғазаб бўлиб уч кун ичида азоб келишининг хабарини айтиб юртдан чиқиб кетди.
Бало келиши муқаррар бўлиб қолганидан сўнг бола-чақа, эркагу-аёл, чорва ҳайвонларигача бир жойга тўпланиб, подшоҳлари бошчилигида ҳаммалари ҳокисор кийимда Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб қирқ кун нола қилдилар. Қирқ кунгача бало ҳам уларнинг тепасида кетмай тек туриб қолди. Ниҳоят, қирқинчи куни бало қайтиб кетди, қавм нажот топди. Ўша қирқинчи кун Ашуро кунига тўғри келиб қолган, шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб, балони қайтариб юборган экан.
وعن ابن مسعود قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من وسع على عياله في النفقة يوم عاشوراء وسع الله عليه سائر سنته . قال سفيان إنا قد جربناه فوجدناه كذلك . رواه رزين . ( ضعيف )
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
”Ким Ашуро кунида оиласига нафақани кенг қилса Аллоҳ унга йилнинг қолганини ҳам кенг қилиб қўяди”, ‒ деганлар.
Шунинг учун бу кун ҳам ибодат куни бўлиши билан бирга, ўша кунги дастурхонга имкон даражасида кўпроқ неъматларни тўкиб солинадиган ҳақиқий байрамона шодиёна куни. Уламоларимиз ушбу башоратни ҳаётда синаб кўрдик, деганлар. Ушбу ожизона жумлалар муаллифи ҳам бунинг гувоҳи бўлган.
Ашуро кунида имкони борича яхши амалларни қилиш марғуб. Жумладан қариндошлик ришталарини боғлаб, муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш, камбағал ва мискинларга эҳсон-садақалар қилиш, рўза тутишликлар каби манфаъатли ишларни қилиш лозим.
Илоҳи, Парвардигор! Юртимизга, барча мусулмонларнинг юртларига баракаларингни ёғдиргин. Халқимизга тақво ва ҳидоятни бардавом айла.
Шаҳобиддин домла Парпиев,
Асака туман бош имом-хатиби