Аллоҳ таоло бандаларига шу қадар кўп неъматлар берганки, уларни санаб тугатиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб марҳамат қилган: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир” (“Наҳл” сураси, 18-оят).
Банда неъматларга шукр қилиши керак. Бу Аллоҳ ва Расулининг амридир.
Жаноби Ҳақнинг чексиз неъматлари учун Унга қанча шукрона келтирсак ҳам қарзимизни мукаммал адо этолмаймиз. Валиюллоҳлардан бири бир талабасига қуйидагича мактуб ёзган экан: «…Бир нафасда иккита неъмат бор (биринчиси – нафас олиш, иккинчиси – нафас чиқариш). Шунинг учун ҳар бир нафас учун иккита шукр лозим бўлади. Ҳар соатда минг марта нафас олсанг ва ҳар нафас учун икки марта шукр қилсанг, йигирма тўрт соатда қирқ саккиз минг марта шукр қилишинг керак бўлади.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳга: «Эй Роббим! Сенга шукр қилишимнинг ўзи Сен берган яна бир ўзгача неъматки, у ҳам бир шукрни тақозо қилади. (Шундай экан, Сенга қандай қилиб ҳаққи билан шукр қила оламан?)», дедилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилди: «Ҳар бир неъматнинг Мендан эканини билган вақтинг Мен ҳам шу билганингни шукр сифатида қабул қиламан» («Иҳёу улумид-дин»).
Неъматга шукр қилиш ўша неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шукр қилмаган банда нонкўр, ношукр бўлади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилган: “Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (“Иброҳим” сураси, 7-оят).
Бу ояти каримада банда неъматга шукр қилса, Аллоҳ уни зиёда қилишини қасам ила айтмоқда. Шунинг учун ҳам, астойдил шукр қилиш керак, токи неъматлар янада кўпайсин ва ўзимиз шокирлардан бўлайлик.
Оятнинг давомида шукр қилмаган, нонкўрлик қилганларга шиддатли азоб борлиги эслатилмоқда. Банда қаттиқ азобга дучор бўлмаслиги учун ҳам шукрни кўпайтириши керак.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
“Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).
Бишр Хофий шукр ҳақида: «Аъзоларидан фақат тили билан шукр қилган кишининг шукри ноқис бўлади. Чунки кўзнинг шукри бирор яхшилик кўрганда унга қараш, ёмонликни кўрганда, юмиш. Қулоқнинг шукри яхшиликни эшитганда ёдлаб олиш, ёмонликни эса унутиш. Қўлларнинг шукри улар билан ҳаққи бўлган нарсалардан бошқа нарсани ушламаслик. Меъда (қорин)нинг шукри ҳалол нарсалар билан озиқланиш. Ақл ва қалбнинг шукри илм ва ҳилм билан зийнатланиш. Оёқларнинг шукри эса яхшиликдан бошқа йўлда юрмаслик.
Ким мана шуларни бажарса, ҳақиқий шукр қилувчилардан бўлади», дейди. Хуллас, барча тана аъзоларини Аллоҳ рози бўладиган, савобли ишларга ишлатиш, ҳаром, гуноҳ ишларга ишлатмаслик керак.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар:“Бандаларни Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда, сабр қилгувчи ва неъмат берилганда, шукр қилгувчисидир” (Имом Табарий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Саъдий Шерозий “Гулистон” асарларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар: Узоқ йўл босиб келаётган мусофир киши ўзининг оёқ кийими эскириб кетганидан нолиб, ўз-ўзига “шунақа ҳам ночор одам бўламанми?” дея ҳолининг хароблигидан афсусланди. Шу нолиганича шаҳар дарвозасига яқинлашар экан, дарвоза тагида инсонлардан бирор нарса беришларини тиланиб ўтирган тиланчига кўзи тушди. Не кўз билан кўрсинки, тиланчининг икки оёғи ҳам йўқ эди. Бу ҳолни кўрган мусофир: “Мен-ку, пойабзалим йўқлиги учун ношукурлик қилибман, оёқларим йўқ бўлса, нима қила олардим, мендан ҳам ночорроқ одамлар бор экан-да!”, – деб шукроналик йўлини тутди.
Демак, бирор нарсага етиша олмаган одам, аввало, ўзидаги мавжуд нарсаларга назар солиш ва борига шукр қилиш лозим.
Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради.
Ёмонликни раво кўрса, гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон икки қисмдир: ярми сабрда, ярми эса шукрда», деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, икки оёқлари шишиб, йиғидан кийим ва жойнамозлари ҳўл бўлиб кетарди. У зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират этилган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?», деб сўраганларга: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?», дер эдилар (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!
Аллоҳга шукр, жаннатмакон юртимиз дунё хавас қиладиган ўлкалардан. Осмони ғуборсиз, сувлари мазали, тупроғи калтак суқсанг кўкарадиган унумдор. Яратгандан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишлигини, устимизда улкан синов бўлиб турган коронавирус касаллигини жоножон Ватанимиздан тезда кўтаришини сўраб қоламиз.
Манбалар асосида тайёрланди.
Мухаммадкуддус Абдулманнон
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби