Бугунги кун юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар учун ўзгача кун бўлди десак асло муболаға бўлмайди. Зеро бугун эрта тонгдан мамлакатимиз бўйлаб барча мўмин-мусулмонлар карантиндан кейинги илк жамоат намозини ўқишлик учун иймон ва ихлос билан, катта интикиш ва чексиз хурсандчилик туйғуси билан жоме масжидларга ошиқдилар.
Вилоятимиз намозхонлари ҳам онгли равишда ўзаро масофани сақлаш, ниқобларни тўлиқ тақиш, қўлларига махсус суюқликни суриш, махсус дизинфекцияловчи қурилмадан ўтиш каби карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиб, жамоат намозида ҳозир бўлишди.
Ўтган беш ойдан зиёдроқ вақт мобайнида намозхонлар жамоат намозини интиқлик билан кутишган, соғинишган эди. Шу боис соғинган қалблар масжидларда таскин, ҳаловат топди. Имом-хатиб, қориларимизнинг бир-биридан ажойиб Қуръон тиловатига соме бўлишди, бамдод намозини жамоат ихлос билан адо этишди.
Жамоат намозлари жуда файзли ўтди. Намоздан сўнг имом домлаларимиз жамоат билан бирга Аллоҳ таолога кўп-кўп ҳамдлар, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга давомли саловотлар айтишди, Юртбошимиз бошчилигидаги раҳбарларимиз, халқимиз ҳаққига дуои-хайрлар қилишди, юртимиз ва бутун дунёдан касалликларни кўтариши сўраб илтижолар қилишди.



Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Андижон вилояти вакиллиги