Маълумки, инсон табиатида нафс ҳаво аталмиш бир хис бўлиб, ўша туйғу инсоннинг тўғри йўлдан озишига ва Тангри таоло ёмон кўрган, норози бўлган, ҳатто қахр-ғазабига дучор бўлишгача олиб борадиган гуноҳларни қилишга ундайди. Шунинг учун ҳам машойихларимиз мўмин учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига ёруғ юз билан боришда энг катта душман кишининг ҳавойи нафси деганлар.
Баъзан бирор хайрли иш қилмоқчи бўлсак бизга малол келади. Аксинча гуноҳ ишни бемалол қилиб ҳузурланамиз. Бу – нафсимиз устидан ғолиб кела олмаганимиз белгиси.
Нафс тарбияси Ислом динининг асосий йўналишларидан биридир. Кимки нафсини жиловлай олмас экан дунё ва охиратда ҳалокатга йўлиқур. Дунё ва охиратда олий мартабага ноил бўлишлик эса нафсни жиловлаш билан бўлур.
Донишмандлар шундай дебдилар:
Аллоҳдан кўра улуғроқ дўст бор, деб ўйлаган кишининг Аллоҳни танишлиги сусайибди. Нафсидан кўра ёмонроқ душман бор, деб ўйлаган киши нафсини яхши танимабди.
Яна айтибдилар:
Ақли – амир, нафс ҳавоси асир бўлган кишига қандоқ ҳам яхши. Нафсу ҳавоси – амир, ақли – асир бўлганларнинг ҳолига вой!
Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, денгизлар сони тўрттадир:
Кибру ҳаво – гуноҳлар денгизидир.
Нафс – шаҳватлар денгизидир.
Ўлим -умрлар денгизидир.
Қабр – надоматлар денгизидир. (“Мунаббиҳот” китобидан)
Инсон учун энг буюк душман — нафсдир. Нафс ёмонлигидан омон бўлмоқ — ақлга қулоқ солмоқ, ақлнинг яxши кўрсатмасига кўра ҳаракат этмоқдир.
Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ҳам ақл билан танилади. Пайғамбар алаҳимус саломлар ақли юксакдир. Йўллари ҳам ақлга мувофиқдир. Ақл билан адо этилган амаллар жаннатга кўтарилади. Аллоҳнинг раҳмати ва барокатига инсон ақл билан етади. Розилигини ақл билан қозонади.
Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигини англамаган, Пайғамбарлар алайҳис саломларга ишонмаган ақлсиз, тентак, динсиз, кофир, даҳрийдир. Мусулмон бўлгани ҳолда нафсининг амрида бўлган аҳмоқлар ҳам бор. Аллоҳ Қурони каримда шундай дейди:
“Ҳавои нафсини ўзига худо қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унга вакил бўласанми?! Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар”. (Фурқон сураси, 43-44 оятлар)
Аллоҳ таоло Одамни (алайҳис салом) яратди, Жаброил (алайҳис салом) ақл, имон ва ҳаёни унга келтириб, шундай дедилар:
— Эй, Одам! Сизга Аллоҳ таолодан саломлар бўлсин. Сизга келтирган уч нарсамдан бирини қабул қилишингни истайди.
Одам (алайҳис салом) ақлни қабул қилдилар. Жаброил (алайҳис салом) имон ва ҳаёга:
— Қани, сизлар айрилиб, кетинг, — дедилар. Шунда имон:
— Аллоҳ менга ақлдан ажрамаслигимни, у қайда бўлса, ўша ерда бўлишимни амр этди. Мен ақлдан айрилмайман, — деди.
Кейин ҳаё:
— Аллоҳ мени имонга омонат қилди. Имон қайда бўлса, мен ҳам ўша ердаман. Имон бўлган жойдан айрилмасман деди.
Шундан сўнг учови бир жойда қолиб, бир-биридан айрилмадилар. Бу ҳолга кўра Аллоҳ кимга ақл берган бўлса, имон ва ҳаё ҳам у билан биргадир. Кимга ақл берилмаган бўлса, унда имон ҳам, ҳаё ҳам бўлмайди. (Эй, фарзанд. зиёуз.сом кутубxонаси)
Муҳаммадсоли домла ИМИНОВ,
Марҳамат тумани “Полвонтош”
жоме масжиди имом-хатиби